Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

0
119
марта кўрилган.

2021 йил 6 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.  

Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Ўзбекистон 24” ва “Узрепорт” телеканаллари орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Сенат аъзолари томонидан 5 та масала, шу жумладан, 3 та қонун муҳокама қилинди.  

Ялпи мажлисда сенаторлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.  

Таъкидланганидек, Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ўтган йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда бу йилги вазифалар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтди. Айниқса, 2020 йилда пандемия ва бошқа табиий офатлар сабабли юзага келган мураккаб шароитга қарамасдан, қатор халқаро ташкилотлар баҳосига кўра Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида ижобий ўсишни сақлаб қолган камдан-кам давлатлар қаторида жой олгани аҳамиятга молик.  

Шу маънода айтиш мумкинки, Мурожаатномада Президентимиз давлат ва жамиятни янада  ривожлантириш билан боғлиқ энг асосий йўналишлар, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хусусан, Олий Мажлис юқори палатасининг қатор устувор вазифаларини белгилаб берди.  

Мурожаатномада келтирилган чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асосларини яратиб бериш, барча соҳаларда қонун устуворлигини, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг, айниқса, бюджет (республика ва маҳаллий) бажарилишини жойларда сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича парламент томонидан самарали назорат ўрнатиш, уларнинг тўлиқ бажарилишига эришиш асосий вазифалардан биридир.  

Қайд этилганидек, мазкур вазифаларнинг жойлардаги ижроси Сенатнинг тегишли қўмиталари, қолаверса, ҳудудлардаги ҳар бир сенатор ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши керак.  

Жумладан, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаш ҳамда Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш бўйича фаол иш олиб бориш зарур.    

Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш, Сенатнинг тегишли қўмитаси ва Сенат девонининг масъул таркибий бўлинмалари билан биргаликда ушбу вазифани амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш лозим.  

Хусусан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуси билан бирга аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни манзилли ўрганиб бориш мақсадга мувофиқ.  

Яна бир жиҳат. Мурожаатномада Давлат харидлари соҳасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўз ўрнида, давлат харидлари устидан назоратни олиб боришда жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлаш, унинг фикрини инобатга олиш механизмларини жорий қилиш керак. Қолаверса, бу каби долзарб масалалар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳим. Масъулларнинг ҳисоботларини эшитишда Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратиш зарур.  

Бундан ташқари, мажлисда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш  масалалари қўмитаси парламент назоратини маҳаллий ва республика даражасида олиб бориши, жумладан, Жўқорғи Кенгес ва Сенат Кенгашида эшитувлар ташкил қилиш, парламент сўровларини юбориш, жойларда депутатлик ва сенаторлик ўрганишларни ташкил қилиши лозимлиги таъкидланди.  

Шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш, бу борадаги ўрганишлар ва таҳлилларни янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.  

Мажлисда таъкидланганидек, жорий йилда Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссияга раислик қилиш Сенатга ўтади. Шу боис, Комиссия фаолиятини янада кучайтириш энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.  

Қолаверса, Сенатнинг тегишли қўмитаси мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига ҳам алоҳида аҳамият қаратиши, ўзига вазифаларни белгилаб олиши тўғрисида тўхталиб ўтилди.  

Ўтган йилдан бошлаб халқаро муносабатлар йўналишида Сенатда янги, яъни Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиёти жорий этилган эди. Шундан келиб чиқиб, биринчи навбатда жорий йилда Ўзбекистоннинг Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиларининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитувини ташкил қилиш лозим. Ушбу мамлакатлар билан парламентлараро муносабатларни ривожлантириш, Ўзбекистонга чет эл инвестицияларини жалб этиш, туризмни ривожлантиришга оид аниқ чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Мурожаатномада маҳаллий Кенгашлар фаолиятига доир бир қатор масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилгани, кўплаб ваколатлар халқ вакилларига берилаётгани таъкидланди.  

Шу боис маҳаллий Кенгашлар жорий йилда бугунги кунгача маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиб бориш, маҳаллий бюджет ижросига масъулият билан ёндашиш, ҳар бир туман ва шаҳарда  камбағалликни қисқартириш бўйича ишлаб чиқиладиган манзилли дастурнинг ижроси бўйича ҳисоботни эшитиб, муҳокама қилиб бориш, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” бўйича чора-тадбирлар дастурларининг ижросига жиддий эътибор қаратиш, ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуд аҳолиси, сайловчилари билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиши, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиши зарурлигига тўхталиб ўтилди.  

Яна бир жиҳат. Мурожаатномада Сенат Раиси раҳбарлигида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш лозимлиги белгилангани, мазкур Кенгаш мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратишга масъул бўлиши, Кенгашнинг асосий вазифаси жамиятда аёллар мавқеини ошириш, уларнинг муаммоларини пухта ўрганиш, хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топиш, уларни “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”дан чиқаришга кўмак бериши билдирилди.  

Сенатнинг масъул қўмитаси мазкур вазифаларнинг самарали амалга оширилиши, жумладан, Кенгашнинг низоми, вазифалари, ишлаш  тартиби ва иш режалари шакллантирилишини мувофиқлаштириб бориши лозимлиги қайд этилди.

Мажлисда Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва долзарблигидан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Сенатнинг Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.  

Шу маънода, Сенат Раиси ўринбосари раҳбарлигида Ишчи гуруҳ тузилиб, Ҳаракатлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиши кераклиги билдирилди.  Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.  

Сўнгра Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда сўнгги тўрт йилда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қайд этиш жоизки, мазкур Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давомидир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Қонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб: вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

маъмурий тартиб-таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Шуларга асосан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд тизимини бошқариш масалаларининг такомиллаштирилиши, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга эришиш билан бир қаторда, энг аввало, фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосининг бир жойда ҳал қилиниши имконини беради.  Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.  

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.  

Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларининг барқарорлигини таъминлаш ва кучайтириш, инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, қурилиш соҳасидаги ишлар ҳолатини ўрганиш ушбу соҳада ислоҳотларни жадал амалга оширишга ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришда муаммолар борлигини кўрсатди.

Қайд этиш жоизки, ушбу муаммолар қурилиш соҳасига инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, қурилиш тармоғи кадрларини профессионал тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг самарадорлигига тўсқинлик қилмоқда.

Шу боис, “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Қонун ишлаб чиқилган.

Шаҳарсозлик кодексида “аҳоли пункти”, “шаҳар”, “шаҳарча” ва “қишлоқ (овул)” объектлар турлари, “ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш”, “урбанизация” тушунчалари, шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар муҳокамаси иштироки ва бошқа ибораларга тушунчалар берилмоқда.

Шунингдек, Кодексда норматив-техник ҳужжатларни жорий этиш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича янги нормалар мустаҳкамланмоқда. Яъни:

– шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги қарорларнинг муҳокамасида жамоатчилик назоратининг иштирокини таъминлаш;

– юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишининг асосий йўналишларини белгилаб берадиган янги норма;

– пудрат учун давлат шартномасини ишлаб чиқиш ва тузиш тартиби ва пудрат ишлари қатъий шартнома асосида амалга оширилиши;

– шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда экспертларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги кўрсатилган.

Ўз ўрнида, мазкур Кодексда қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларига қўйиладиган талаблар акс эттирилиб, уларга асосан шаҳарсозлик фаолиятининг молиявий таъминоти, суғурталаш ва шаффофликни таъминлаш, шу жумладан, қурилишда суғурталаш, шунингдек, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, мазкур нормаларнинг белгиланиши соҳада бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда шаҳар чегараларини аниқлашнинг янги қонуний асосларини яратади.

Хусусан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ишлаб чиқилишининг тартиби, муддатлари ва уларнинг йўналишлари белгиланиши, рақобат муҳитини ривожлантириш орқали инвестиция муҳити яхшиланиши, шаҳарсозлик соҳасида жамоатчиликнинг кенг иштироки, атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳолининг соғлиғини асраш, яшаш ва фаолият муҳитини шакллантиришнинг комплекс шароитларини белгилашга имкон яратиши таъминланади.

Энг асосийси, жамият ва давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини амалиётда ифодалаш ва ҳимоя қилиш механизми яратилади. Аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилаш ва аҳолининг турмуш даражасини кўтариш имконияти вужудга келади.  

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, мазкур Кодекс қурилиш фаолиятини янада такомиллаштиришга йўналтирилган. Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.  

Шундан сўнг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.  Таъкидланганидек, бугунга қадар маданият соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги, “Музейлар тўғрисида”ги, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари, қолаверса, бошқа кўплаб қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинаётган эди.

Маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани турли эътирозларга сабаб бўлаётганди. Бунга жавобан “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.

Қонунда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишларини белгилаш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатларини белгилаш, истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, маданият ташкилотларини давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлигини такомиллаштириш, маданият тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ва бошқа қатор муҳим масалалар қамраб олинмоқда.  

Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органлар сифатида кўрсатилиб, уларнинг ваколатлари белгиланмоқда.  

Қонуннинг қабул қилиниши маданият соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини оширади ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинишини таъминлайди.

Шунингдек, халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг имижини ошириш билан бир қаторда халқлар ва минтақалар ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.  

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.