Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом тараққиёт банки президентини қабул қилди

0
34
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўтаётган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон Ал-Жассирни қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Учрашув аввалида ИТБ президенти давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқини мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий қутлаб, бардавом тараққиёт, фаровонлик ва равнақ тилади.

Пандемия бошланганидан буён илк бор Банкнинг энг муҳим тадбири шу кунларда пойтахтимизда жонли равишда ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Юқори даражадаги ушбу форумда ИТБга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармон доиралар ва нуфузли экспертлар, оммавий ахборот воситалари иштирок этмоқда. Онлайн ва оффлайн шаклдаги тадбирларда 4,5 минг нафарга яқин делегат қатнашмоқда.

Ўзбекистон етакчиси Муҳаммад Ал-Жассирни ИТБ президенти лавозимига сайлангани билан яна бир бор табриклади.

Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари ИТБ билан шерикликнинг изчил кенгайиб бораётганини юксак баҳолаб, Банк Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларнинг янги дастурини қўллаб-қувватлаётгани ва уни илгари суришга муҳим ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди.

Бугунги кунда амалий ҳамкорлик портфели транспорт, уй-жой коммунал инфратузилма, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, тадбиркорлик ва бошқа устувор йўналишларни қамраб олган қиймати 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та лойиҳадан иборат.

Учрашувда кўп қиррали шерикликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада 2022-2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ва амалга ошириш ҳамда Тошкент шаҳрида Банкнинг тўлақонли ваколатхонасини ишга тушириш, молиялаштириш инструментлари самарадорлигини ошириш муҳим экани таъкидланди.

Янги ташкил этилаётган Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармаси фаолияти хусусий тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар фаровонлигини ошириш учун самарали механизм бўлиб хизмат қилишига умид билдирилди.

Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги стратегик шериклик ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро яқиндан ишлаш ва фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.