Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳиндистон – Марказий Осиё” биринчи саммитидаги нутқи

0
87
марта кўрилган.

Ҳурматли Нарендра Моди жаноблари!

Муҳтарам ҳамкасблар!

“Ҳиндистон – Марказий Осиё” биринчи саммитининг барча иштирокчиларини самимий қутлайман.

Сизга, ҳурматли Бош вазир Моди жаноблари, мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу муҳим учрашувни ўтказиш ташаббуси учун миннатдорчилик билдираман.

Барча ҳамкасбларимнинг Ҳиндистон Республикаси куни муносабати билан Ҳиндистон халқига билдирилган илиқ қутлов ва тилакларга қўшиламан. Шунингдек, сизларни мамлакатингиз мустақиллигининг бўлажак 75 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Бугун Ҳиндистон – замонавий, жадал ривожланаётган, жаҳонда улкан халқаро нуфузга эга ва иқтисодий таъсири тобора ортиб бораётган давлат.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, Ҳиндистон биз учун ишончли, стратегик шерикдир.

Ўзбекистон-Ҳиндистон алоқаларининг илдизлари жуда олис тарихга бориб тақалади.

Минг йиллар мобайнида халқларимиз ўртасида фаол гуманитар алмашинувлар ва савдо алоқалари бўлган. Маданиятларимиз, анъаналаримиз ва маънавий қадриятларимиз бир-бирини бойитиб келган.

Тошкент ва Деҳли, Самарқанд ва Агра, Бухоро ва Ҳайдаробод каби қадимий шаҳарлар бетакрор меросимизнинг узвий қисми бўлиб, умумий тарихимизда чуқур из қолдирган.

Ушбу меросга таяниб, Ўзбекистон “Ҳиндистон – Марказий Осиё” форматидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қатъий интилмоқда.

Бугун кўп томонлама муносабатларимиз учун янги кун тартибини ишлаб чиқишимиз ва узоқ муддатли истиқболга қаратилган самарали ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишимизга ишонаман.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Ҳиндистон билан анъанавий яқин, дўстона ва кўп томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақавий ҳамкорликнинг қуйидаги йўналишларини стратегик устувор йўналишлар сифатида белгилаб олишни таклиф этамиз.

Биринчи устувор йўналиш – таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиш орқали, Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини кенг жорий қилиш асосида инсон капиталини ривожлантириш.

Кейинги йилларда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатимизда қатор замонавий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ташкил этилди.

Бундай клиникалар тармоғини Ҳиндистон етакчи тиббий университетларининг Ўзбекистондаги филиаллари негизида янада кенгайтириш ниятидамиз.

Соғлиқни сақлаш соҳасида Ҳиндистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида фармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олишни жадаллаштириш, вирусолог врачлар тайёрлаш дастурини бошлаш, аюрведа таълимотлари ва йога амалиёти ҳамда Ибн Сино рисолалари асосида замонавий соғлиқни сақлаш ютуқларини тўлдириб турадиган анъанавий тиббиёт усулларини жорий қилишни муҳим деб ҳисоблаймиз.

Ушбу ташаббусларни тизимли амалга ошириш мақсадида ҳар йили “Ҳиндистон – Марказий Осиё” соғлиқни сақлаш форумини ўтказишни таклиф этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, пандемия оқибатларини енгиб ўтишда кўрсатилган ёрдам учун Ҳиндистон томонига самимий миннатдорчилик билдираман.

Таълим соҳасидаги шериклик сермаҳсул эканини мамнуният билан қайд этмоқчимиз. Бугун Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг учта етакчи университети фаолият юритмоқда, уларда тўрт мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Бундан ташқари, Ҳиндистон компаниялари мамлакатимизда «IB» дастури доирасидаги халқаро мактаблар ташкил этишга инвестиция киритишни бошлади. Ҳиндистоннинг тилларга ўқитиш методикаси жорий қилинмоқда.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида олий таълим муассасаларининг филиаллари ва профессионал таълим марказларини очиш, илмий ва академик алмашинувларни йўлга қўйиш, инновацион ишланмалар ва стартапларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Ахборот технологиялари соҳасидаги шериклик биз учун кенг истиқболлар очмоқда. Рақамлаштириш борасида жаҳоннинг пешқадамларидан бири ҳисобланган Ҳиндистон мамлакатимиз IT индустриясини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Яқин истиқболга мўлжалланган қўшма режаларимизда – учинчи мамлакатлар бозорларига дастурий маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш, шу жумладан бизнес жараёнларининг аутсорсинги.

IT соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида рақамли инновациялар, молиявий ва блокчейн технологияларни жорий қилиш, киберхавфсизликни таъминлаш, мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларда ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишни таклиф қиламан.

Ушбу ташаббусни амалий рўёбга чиқариш учун Жавахарлал Неру номидаги Ўзбек-Ҳинд ахборот технологиялари маркази имкониятларини ишга солишга тайёрмиз.

Ҳамкорлигимизнинг иккинчи энг муҳим стратегик устуворлиги иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришдан иборат.

Кейинги беш йилда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш қарийб икки баробар кўпайди, қўшма корхоналар сони тўрт юзтага етди.

Саноат, инфратузилма ва қурилиш соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Андижон вилояти ва Гужарат штати ўртасидаги кооперация муваффақиятли ривожланмоқда.

Мамлакатларимиз бизнеси ва ҳудудлари даражасида тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш мақсадида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” ишбилармонлар кенгаши фаолиятига янги суръат бағишлашни таклиф этамиз.

Кенгаш инвестициялар ва савдо соҳаларида ўзаро тўлдириб туриш омили асосида янги ўсиш нуқталарини аниқлаш учун тадбиркорларимиз ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини йўлга қўйишга фаол кўмаклашиши лозим.

Шу билан бирга, Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида тўғридан-тўғри ерусти транспорт йўллари мавжуд эмаслиги иқтисодий муносабатларимизнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омил бўлиб қолмоқда.

Шу муносабат билан биз Чабаҳор порти орқали янги йўлакни ишлаб чиқишга киришдик. Бу порт “Шимол-Жануб” ташаббуси доирасида мамлакатларимиз ўртасида юклар етказиб беришнинг муҳим бўғинига айланиши мумкин ва шарт.

Мамлакатларимиз транспорт вазирларининг учрашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз.

Ушбу механизмнинг аниқ мазмундорлиги ва амалий натижадорлигини таъминлаш муҳимдир.

Вазирларнинг биринчи йиғилиши кун тартибига “Қуруқ” портлар тармоғини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, юк ташишда бир хил чегирма ва имтиёзли тарифлар тақдим этиш, юкларни божхона расмийлаштируви тартиботларини соддалаштириш масалаларини киритишни таклиф этамиз.

Энергетик самарадорлик ва “яшил” тараққиёт масалаларига муҳим эътибор қаратмоқдамиз. Шу муносабат билан Ҳиндистоннинг муваффақиятли тажрибаси ва технологиялари биз учун катта қизиқиш  уйғотмоқда.

Ҳурматли Ҳиндистон Бош вазири ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро қуёш альянсига қўшилиш ниятидамиз.

“Яшил” энергетика соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик масалаларини жорий йил сентябрь ойида Оролбўйида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган халқаро форумда батафсил муҳокама қилишни таклиф қиламиз.

Учинчи устувор йўналиш – маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик.

Умумий меросимизни бўлажак авлодлар учун сақлаб қолиш мақсадида музейлар ҳамкорлиги, кўргазма ва анжуманлар, шу жумладан онлайн шаклда ташкил этиш, қўлёзма фондларини рақамлаштириш ва қўшма виртуал кутубхоналар яратиш, умумий тарихий-археологик меросни тадқиқ этишни назарда тутадиган биргаликдаги тадбирлар дастурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Шунингдек, Ҳиндистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигида Марказий Осиё мамлакатларида Ҳинд киноси ҳафталиги ва Ҳинд маданияти фестивалини ўтказишни таклиф қиламиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Биз олдимизга қўйган режалар муваффақиятли амалга ошишининг энг муҳим шарти минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдир.

Афғонистондаги мураккаб вазият умумий эътиборимиз марказида қолмоқда.

Ушбу мамлакатда гуманитар инқироз авж олмаслигига йўл қўймаслик ҳамда тинчлик жараёнига кўмаклашиш муҳим.

Бу Афғонистонда тинчликни таъминлашга ҳамда Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очади.

Муҳтарам ҳамкасблар!

Бугун билдирилган муҳим таклиф ва ташаббусларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатларимизнинг “Ҳиндистон – Марказий Осиё” форматидаги кўп томонлама шериклигини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.

Шу маънода, якуний Деҳли декларациясини қўллаб-қувватлаймиз.

Сўзим якунида Бош вазир Моди жанобларига саммитни ташкил этгани учун яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман.

Барча иштирокчиларга муваффақият ва соғлик-омонлик тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.