Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи

0
69
марта кўрилган.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Тожикистон Республикаси Президенти ҳурматли Эмомали Шарипович Раҳмонга илиқ қабул ҳамда учрашувимизни юксак даражада ташкил этгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Барча ҳамкасбларимни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан чин дилдан табриклайман.

Ўтган даврда Жамғарма экологик таҳдидларга қарши кураш масалаларида умумий манфаатларимизни илгари суриш учун муҳим майдон сифатида ғоят зарурлигини кўрсатди.

Ана шу вақт мобайнида Орол денгизи ҳавзаси бўйича келишилган ёндашувлар ишлаб чиқилди, қўшма қарор ва дастурлар қабул қилинди ва амалга оширилди.

Тожикистоннинг Ташкилотимизга раислиги давридаги самарали натижаларни алоҳида таъкидлашни истардим. Хусусан, Жамғарма доирасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун катта ишлар бажарилди. Халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан алоқалар кенгайди.

Шу йил март ойида ҳурматли Эмомали Шариповичнинг ҳамраислигида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида ташкил этилган Глобал сув конференцияси муваффақиятли ўтганини ҳам алоҳида қайд этмоқчиман.

Ушбу тарихий тадбир якунларига кўра, Марказий Осиёнинг сув соҳасидаги ҳаётий муҳим масалалари ва муаммоларига бутун халқаро ҳамжамият эътиборини жалб этишга эришилди.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси – бу, аввало, Марказий Осиё мамлакатларининг глобал миқёсдаги энг ўткир муаммолардан бирини ечиш бўйича кўп томонлама ҳамкорлик борасидаги ноёб тажрибасидир.

Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, Жамғарма сув ва экология соҳасида минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим платформасига айланди.

Сув хўжалиги бўйича Давлатлараро комиссия ҳамда “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзаси ташкилотлари сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш масалалари юзасидан келишиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Илмий-ахборот маркази барча халқаро шериклар учун очиқ бўлган, кенг кўламли маълумотларни ўзида мужассам этган салмоқли таҳлилий базани шакллантирди.

Давлатлараро комиссиянинг барқарор ривожланиш бўйича фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Жамғарма бир қатор минтақавий дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни мувофиқлаштирмоқда, халқаро институтлар ва донор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Тузилмамизнинг ўрни ва аҳамияти глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида вужудга келаётган янги хавф ва таҳдидлар шароитида янада ортиб бормоқда.

Музликларнинг эриши, табиий офатлар, шунингдек, шиддатли демографик ўсиш, урбанизация жараёнлари ва саноатлашув натижасида юзага келаётган техноген омиллар туфайли минтақада сув ва экология билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани ва унинг оқибатлари алоҳида хавотир уйғотмоқда.

Ҳамкасбларим яхши билади, Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси ўткир ва муқаррар тус олди ҳамда бундан буён у тобора чуқурлашиб бораверади.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг айрим минтақаларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади. Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа давлатлари сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш оқибатида йилига 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда.

Буларнинг барчаси Жамғарма доирасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган келишилган янги қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этмоқда.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Бугун бизнинг олдимизда кўп томонлама шериклик самарадорлигини ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан таъминлаш бўйича муҳим вазифалар турибди.

Шу муносабат билан саммитнинг кун тартибига мос ҳолда қуйидаги таклифларимизни билдиришни истардим.

Биринчи. Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш тарафдоридир.

Хусусан, биз асосий ҳужжатлар ва битимларни хатловдан ўтказиш, жумладан, 1990 йилларда қабул қилинган Жамғарма низомини қайта кўриб чиқиш, амалдаги тузилма фаолиятини биргаликда таҳлил қилиш ва Жамғарма таркибидаги ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва самарасини ошириш борасида таклифлар тайёрлаш, унинг фаолияти ва ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи “Қоида ва тартиб-таомиллар”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Жамғармани ривожлантириш ва ислоҳ этиш жараёнларини тармоқлараро тамойил асосида, яъни замонавий экологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, “сув – энергетика – озиқ-овқат” тартибидаги комплекс ёндашувлар негизида амалга ошириш муҳимдир.

Бундан ташқари, Тузилманинг асосий ҳужжатларида трансчегаравий дарёлар сув ресурсларини бошқариш ва фойдаланиш соҳасида умумэътироф этилган меъёрлар, принциплар ва ўзаро мажбуриятлар ўз ифодасини топиши лозим.

Биз шунингдек, Жамғарманинг амалдаги тузилмалари самарасини кадрлар ва техник салоҳиятни кучайтириш, компетенцияни кенгайтириш ҳисобидан тубдан ошириш тарафдоримиз.

Иккинчи. Бугунги учрашувимиз арафасида биз Жамғарма доирасидаги лойиҳалар бўйича ўтган 30 йил давомида олиб борилган фаолият натижаларини таҳлил қилдик.

Асосий дастурий ҳужжатларимиздаги қоидаларда ва лойиҳаларни бажариш борасидаги аниқ олдинга силжишни кўрсатадиган натижаларимизда фарқлар борлиги ўз-ўзидан равшан, албатта.

Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи дастурнинг ижроси билан боғлиқ ҳолат ҳам бизнинг барча мамлакатларимизни ташвишга солиши керак, деб ўйлайман.

Бу борадаги ишлар асосан миллий режалар йўналишида амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан Жамғарма бошқарувига амалдаги Дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини беришни таклиф этаман. Бунда ҳар бир минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, “йўл хариталари”ни, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлашни назарда тутиш лозим.

Учинчи. Устувор минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестиция, технология ва техник кўмакни жалб этиш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни кучайтириш зарур.

Шу муносабат билан баъзи таклифларни илгари сурмоқчиман.

Биринчидан, мамлакатларимизнинг ҳар бири аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, минтақавий лойиҳаларга четдан кўмакни жалб этиш бўйича ўзига мажбурият олиши лозим.

Раислик қилувчи томоннинг мувофиқлаштириши асосида инвестицияларни ва техник кўмакни жалб қилиш ва тақсимлаш механизмларини ишлаб чиқиш зарур.

Иккинчидан, хорижий шериклар, етакчи халқаро институтлар ва донор ташкилотларни жалб этган ҳолда, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш мақсадида махсус минтақавий конференция ўтказишни таклиф этамиз.

Тўртинчи. Жамғарманинг ишчи органларига халқаро консультантлар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқиш топшириғини берсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ушбу дарёлар ҳавзаларида вазиятнинг ривожланиши бўйича турли сценарийларни моделлаштиришни назарда тутиш муҳимдир.

Бундай стратегик ҳужжатларнинг қабул қилиниши минтақамизда сув-энергетика ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш сиёсатини мувофиқлаштиришга имкон беради, деб ишонаман.

Бешинчи. Сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ушбу масалаларни кўриб чиқишда Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ фаол жалб этилишига аминмиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Экотизимлар таназзули янада кучайишининг олдини олишда, энг аввало, Орол денгизи ҳудудидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Оролбўйидаги экологик ва ижтимоий вазиятни яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этмоқчиман.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюцияси асосида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси ва Чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда.

Сўнгги бир неча йил давомида Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар ўрмонзорлар яратилди. Яқин икки йилда яна 400 минг гектар яшил ҳудудлар барпо этиш режалаштирилмоқда.

Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, шунингдек, Оролбўйида биохилма-хилликни сақлаш учун 3,5 миллион гектардан ортиқ майдонда табиат парклари, қўриқхоналар ва давлат ҳимоя ҳудудлари яратилди.

Бугунги кунда Оролбўйи минтақасида қўриқланадиган ҳудудларнинг умумий майдони 4,6 миллион гектарни ташкил қилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича катта миқёсдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Охирги 7 йил мобайнида мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг тўртдан бир қисмини ташкил этадиган 1 миллион гектардан ортиқ майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида биз сувни тежаш бўйича миллий дастурни ишлаб чиқиш ниятидамиз.

Биз сувни тежаш соҳасини Жамғарма фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, бу борада ҳамкорлигимизни кучайтиришимиз мумкин.

Келгуси йили Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро иқлим форуми доирасида жаҳоннинг етакчи компанияларининг сувни тежаш борасидаги технологиялари кўргазмасини ташкил этмоқчимиз.

Ана шу масалаларнинг барчасини комплекс кўриб чиқиш мақсадида мамлакатларимиз сув ресурслари, энергетика, экология ва иқтисодиёт вазирларининг доимий учрашувлари бўйича Минтақавий платформани таъсис этишни таклиф қиламиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

“Қўштепа” канали қурилиши бўйича ҳам ўз фикримни билдириб ўтмоқчиман.

Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди. 

Афғон томони канални қуриш бўйича фаол иш олиб бораётганини яхши биласиз.

Унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

“Қўштепа” каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Сўзимнинг якунида Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тўқаевни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раислигини қабул қилаётгани муносабати билан табриклайман.

Ишончим комилки, бугунги саммитимизда илгари сурилаётган ташаббуслар ва қабул қилинаётган ҳужжатларнинг амалга оширилиши Жамғарма доирасида халқларимиз фаровонлиги ва бутун Марказий Осиё минтақасининг гуллаб-яшнаши йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.