Ҳурматли Рено-Бассо хоним!
Ҳурматли Бруннер жаноблари!
Хорижий ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари!
Хонимлар ва жаноблар!
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг бу йилги йиғилиши қадимий ва бетакрор Самарқандда ўтказилаётганини биз мамлакатимизга, ислоҳотларимизга юксак ишонч ва эътибор ифодаси сифатида қабул қиламиз.
Ўзбекистонга хуш келибсиз!
Бугунги анжуманни ўтказиш учун айнан Самарқанд шаҳри танлангани чуқур рамзий маънога эга, деб ўйлайман. Азал-азалдан Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган ушбу азим шаҳар Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни ўзаро боғлайдиган, Европа, Осиё ва Африка қитъалари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ва илмий-технологик алмашувлар макони бўлиб хизмат қилган.
Бу заминда турли цивилизациялар ўртасида юксак мулоқот маданияти шакллангани билан биз доимо фахрланиб келамиз.
Дунёнинг барча минтақаларидан 2500 дан ортиқ меҳмонлар иштирок этаётган бугунги анжуман ана шу эзгу анъаналарни янги босқичда давом эттириб, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик кўпригини мустаҳкамлайди, деб ишонаман.
Тобора кучайиб бораётган ҳозирги геосиёсий зиддиятлар даврида бундай очиқ ва яқин мулоқотлар, дўстона алоқаларни янада кенгайтириш барча мамлакатлар учун албатта ниҳоятда зарур. Шу маънода, бугунги нуфузли анжуманнинг асосий мавзуси “Барқарорлик учун инвестиция”, деб белгилангани катта аҳамиятга эгадир.
Барчангиз кўриб турибсиз, глобал иқтисодий муаммолар тобора авж олмоқда. Иқлим ўзгариши ва экологик хатарлар кучаймоқда, табиий ресурслар эса камайиб бормоқда. Бундай мураккаб вазиятда бугунги ва келгуси авлодлар муносиб ҳаёт кечириши учун янги технология ва лойиҳаларга кўпроқ инвестициялар киритиш талаб этилмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ушбу муҳим анжуман давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли алоқаларни янги босқичга олиб чиқади, иқтисодиётларимиз ривожи учун сармояларни янада кўпайтиради, барча аъзо мамлакатлар тараққиётига беқиёс ҳисса қўшади.
Азиз дўстлар!
Ўзбекистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бундай форматдаги йиғилиши роппа-роса 20 йил олдин бўлиб ўтган эди. Бугунги анжуманда янги меҳмонлар билан бирга, аввалги йиғилишда қатнашган иштирокчиларни ҳам кўриб турибман.
Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас.
Олти йил муқаддам бошлаган қатъий ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Бугун сиз, азизларни мутлақо янги муҳитда – дунёга кенг очилаётган, барча соҳаларда ҳамкорлик учун тайёр бўлган Янги Ўзбекистонда қабул қилаётганимиздан ғоят мамнунмиз.
Сўнгги йилларда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва жаҳон бозорларига дадил кириб бориш бўйича салмоқли ютуқларга эришдик, деб айта оламиз. Жумладан, инсон ҳуқуқларини амалда энг олий қадрият даражасида таъминлаш мақсадида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.
Сўз ва эътиқод эркинлиги, гендер тенгликни таъминлаш бўйича эришган амалий натижаларимиз халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда илк бор камбағаллик мавжудлигини тан олдик ва уни қисқартириш учун самарали тизим яратдик. Бу тизим билан давлат кўмагига муҳтож оилалар тўлиқ қамраб олинди.
Шу билан бирга, қонун устуворлигини таъминлаш, суд мустақиллиги ва одил судлов институтини мустаҳкамлаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш борасидаги ислоҳотларни қатъий давом эттиряпмиз.
Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган тизим – маъмурий судлар ташкил этилди. Жамиятда коррупцияга муросасиз бўлиш муҳитини шакллантириш энг устувор вазифаларимиздан бирига айланди.
Хорижий инвестор ва ҳамкорларимиз узоқ кутган енгиллик ва имкониятлар иқтисодий ислоҳотларимизда ўз аксини топмоқда.
Валюта тизими эркинлаштирилгани, ташқи бозорларга чиқиш бўйича тўсиқлар олиб ташлангани, 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилингани натижасида ташқи савдо айланмаси икки карра ошди.
Шу билан бирга, солиқ юки қарийб 2 баробар камайгани, солиқ маъмурчилиги соддалашгани, Ўзбекистонда минтақамиздаги энг жозибадор фискал тизим шакллангани халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.
Ислоҳотларимизга ишонч ортгани туфайли йиллик хорижий сармоялар ҳажми 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўпайди.
Умуман, мамлакатимизда қулай бизнес муҳити яратилгани натижасида тадбиркорлар сони 4 баробар ошди.
Энг муҳими – сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларимизни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.
Яқинда умумхалқ референдумида қабул қилинган янгиланган Конституциямизда ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги ва бардавом бўлиши қатъий кафолатланди.
Бир сўз билан айтганда, биз ўзимиз танлаган, узоқ муддатга мўлжалланган очиқлик ва барқарор тараққиёт йўлидан оғишмасдан, янада дадил олдинга борамиз.
Биринчи. Мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторларга янада қулай шароитлар яратишни яхлит тизим асосида амалга оширамиз.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши чет эллик сармоядорлар билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиб, ўзаро манф́аатли лойиҳалар ва узоқ муддатли стратегияларни биргаликда ишлаб чиқишда ҳал қилувчи бўғин бўлади.
Ҳеч шубҳасиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан бирга ташкил этилган ушбу мулоқот платформаси биз учун янги тажрибалар орттиришга хизмат қилади ва қўшимча имкониятлар яратади, ислоҳотлар жараёнида замонавий ёндашувларни жорий этишга кўмаклашади.
Инвесторлар қаерда бўлмасин, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ташкил этилган “ягона дарча” орқали – 14 та ҳудуд, 208 та туман ва шаҳарда ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги барча дипломатик ваколатхоналарида уларга зарур кўмак ва хизматлар кўрсатилади.
Шунингдек, йил якунигача халқаро экспертлар билан ҳамкорликда тарихимизда илк бор Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилади.
Иккинчи. Биз товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат бозорларини янада эркинлаштириш сиёсатини жадал давом эттирамиз. Жумладан, дунёдаги ишлаб чиқариш занжирларига қўшилиш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун катта қадамлар ташладик. Ушбу йўналишда бу йил салмоқли натижаларга эришамиз, деб ишонаман.
Учинчи. Ортиқча бюрократияни қисқартириш ва коррупцияни таг-томири билан йўқ қилиш бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг диққат марказида бўлади.
Бу борада бошланган маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириб, инсон ва бизнесга кўмаклашадиган, уларга сифатли хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимини жорий этамиз.
Ҳурматли банк бошқарувчилари!
Бир фикрни очиқ айтишимиз керак: ислоҳотларимизни амалга ошириш ва ҳозирги натижаларга эришишда халқаро ҳамкорларимизнинг кўмаги биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Бугун қатъий ишонч билан айта оламан – Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш йўлида Европа тикланиш ва тараққиёт банки бизнинг стратегик ҳамкоримизга айланди. Айниқса, банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалар портфели 4 миллиард евродан ошгани, шундан 3,3 миллиард евролик лойиҳалар сўнгги тўрт йилда бошлангани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Ўтган йил якуни билан Ўзбекистон банкнинг бешта энг асосий ҳамкорлари қаторига кирди. Йиллик инвестиция ҳажми бўйича эса, унинг Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригига айланди.
Энг муҳими, банк билан хусусий секторни ривожлантириш борасидаги ёндашув ва мақсадларимиз ҳам уйғун ва ҳамоҳангдир. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда банк лойиҳаларида хусусий бизнеснинг улуши 55 фоизга етгани ҳам шундан далолат беради.
Айниқса, бугунги кунда ўта долзарб бўлган “яшил энергия”, ичимлик суви, йўл-транспорт инфратузилмаси, экология каби соҳаларда ҳамкорлигимиз жадал ривожланмоқда. Хусусан, қайта тикланадиган энергия соҳасида банкнинг 600 миллион евро маблағлари иштирокида йирик лойиҳаларни бошладик. Бундай фаол ҳамкорлигимиз иқтисодиётимизга бошқа хорижий инвесторларни жалб этишда ҳам “катализатор” бўлиб хизмат қилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, бизни қўллаб келаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбарияти, айниқса, банк президенти Рeно-Бассо хонимга, банкка аъзо давлатлар ҳукуматлари ва бошқарувчиларига, банк билан ҳамкор ташкилотлар ва инвесторларга, биз билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошираётган барча банк ходимларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Ҳурматли дўстлар!
Биз бундан буён ҳам ислоҳотларимизни давом эттиришда ривожланиш борасидаги халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан қуйидаги йўналишларда ҳамкорликка таянамиз.
Биринчидан, биз мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлашда фақат ва фақат хусусий сектор́га таянамиз. Шу боис, келгуси тараққиётимиз хусусийлаштириш жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ эканини яхши тушунамиз.
Бу борада корхоналардаги давлат улушларини сотиш, стратегик компаниялар ва йирик банкларнинг акцияларини очиқ савдога чиқариш бўйича йил бошида катта марраларни олдик. Хусусан, илк бор иқтисодиётимиз учун стратегик аҳамиятга эга 40 та корхона “IPО”га олиб чиқ́илади.
Ушбу йўналишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан катта дастурни амалга оширамиз.
Биргина мисол, мамлакатимизнинг энг йирик банклари – “Саноат қурилиш банки” ва “Асака банки”ни хусусийлаштириш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан фаол иш олиб боряпмиз. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг табиий ресурсларидан самарали фойдаланиш, энг замонавий технологиялари бор инвесторларни жалб этиш бўйича банк билан алоҳида дастурни бошладик.
Биз камбағалликни қисқартириш бўйича олдимизга катта марраларни қўйдик. Уларга эришиш учун тадбиркорларга янги-янги имконият ва шароитлар яратамиз. Шу мақсадда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича банк билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.
Иккинчидан, инфратузилма, тиббиёт, таълим, транспорт, экология каби давлат ихтиёридаги соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш.
Бу борада банк билан мамлакатимизда илк бор Наманганда ичимлик суви тармоғини бошқариш, Тошкент – Самарқанд замонавий магистрал автомобиль йўлини қуриш лойиҳаларини бошлаяпмиз.
Салоҳияти юқори бўлган туризм соҳасида ҳам давлат-хусусий шерикликни кенгайтирамиз. Ўйлайманки, сизлар Самарқандда бўлиб, мамлакатимизнинг туризм борасида қандай катта истиқболга эга эканини ўзингиз ҳис қилиб турибсиз.
Умуман, мазкур анжуман доирасида соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, транспорт, энергетика соҳаларида 40 дан ортиқ йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тақдимоти ўтказилади. Ушбу лойиҳалар сизларда катта қизиқиш уйғотишига ишончим комил.
Учинчидан, “яшил иқтисодиёт”, айниқса, “яшил энергия” соҳаларини жадал ривожлантириш.
Биз 2030 йилга қадар электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказишни режа қилганмиз. Бу борада Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шу йилнинг ўзида умумий қуввати 1,2 гигаВатт бўлган 3 та йирик қуёш станцияси барпо этилади.
Шу билан бирга, бугунги анжуман бўлиб ўтаётган кўҳна Самарқанд яқинда банкнинг “яшил шаҳарлар” дастурига киритилди. Биз Нукус, Андижон, Бухоро ва Наманган каби шаҳарларимизни ҳам ушбу дастурга киритишда банкнинг кўмагига таянамиз.
Тўртинчидан, биз Янги Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Бу борада банк билан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича амалга ошираётган дастурларимиз алоҳида эътиборга сазовордир. Бундай лойиҳаларни кескин ошириш бўйича банк билан ҳамкорлигимизни янада кенгайтирамиз.
Бешинчидан, банк билан бирга илғор агротехнологиялар, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича яна кўплаб янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.
Глобал озиқ-овқат тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бундай лойиҳалар банк учун ҳам, инвесторлар учун ҳам жуда фойдали бўлади, деб ҳисоблайман.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Биз Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантиришни Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олганмиз.
Минтақа давлатлари раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва изчил саъй-ҳаракатимиз натижасида бугун Марказий Осиё яхши қўшничилик ва шерикликнинг ёрқин намунасига айланиб бормоқда. Жумладан, қўшниларимиз билан иқтисодий муносабатларни кенгайтириш мақсадида биз қўшма инвестиция фондларини ташкил этдик, саноат, энергетика, транспорт ва сув хўжалигида бир қатор йирик лойиҳаларни бошладик. Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа хорижий ҳамкорларимизни бундай минтақавий лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф этамиз.
Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!
Сўзимнинг якунида яна бир фикрни алоҳида таъкидламоқчиман: бугунги халқаро анжуман Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш учун тарихий имконият яратмоқда.
Самарқандга 71 та мамлакат ҳукуматлари вакиллари ташриф буюргани ҳам ушбу давлатлар билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни бошлашга катта туртки беришига аминман.
Бугунги “Ўзбекистон инвестиция тақдимоти”да мамлакатимиз бизнес соҳасида қандай катта имкониятларга эга экани атрофлича кўрсатиб берилди. Бундан ташқари, анжуман доирасида бўлиб ўтадиган сессия ва учрашувларда сизларга янги лойиҳалар батафсил тақдим қилинади.
Шу кунларда анжуманнинг ҳар бир иштирокчиси Ўзбекистондаги янги бизнес йўналишларини ўзи учун кашф этишига ишонаман. Шу билан бирга, юртимизнинг қадимий тарихи, бетакрор маданий мероси, халқимизга хос меҳмондўстлик ва очиқкўнгиллик фазилатлари сизларда унутилмас таассуротлар қолдиради, деб ўйлайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, фаолиятингизда катта ютуқ ва омадлар, анжуман ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.