Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига келди   

0
279
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига келди.   

Душанбе халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Ўзбекистон Президенти шарафига бутун шаҳар бўйлаб давлатимиз байроғи кўтарилгани, кўчаларга чиққан минглаб тожикистонликларнинг юз-кўзидаги хурсандчилик ушбу ташриф улар учун орзиқиб кутилган воқеа эканидан далолат берди. 

Дарҳақиқат, бу ташриф ўзаро муносабатлар тарихида  Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга илк давлат ташрифидир. Томонлар ушбу музокараларга мамлакатларимиз ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, уни амалий мазмун билан бойитиш учун имконият сифатида қарамоқда.

Душанбе шаҳридаги «Қасри Миллат» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, давлат мадҳиялари янгради.

Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон яккама-якка музокара ўтказди. 

Президентимиз таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, халқларимиз ушбу учрашувни узоқ кутганини қайд этди.

2017 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этди. Бу охирги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Ўзаро товар етказиб бериш ҳажми, хизматларни ҳисобга олмаганда, кейинги икки йилда 10 маротабадан ортиқ кўпайди.

Ўтган йили мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасидаги авиаташувлар, темир йўл қатнови қайта тикланди. Самарқанд-Панжикент оралиғида А-377 халқаро автомобиль йўли очилди. Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасида ўтказиш пунктлари ўз ишини тиклади.

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаган. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли қисқа муддатда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон билан муносабатлардаги долзарб масалалар ҳал этилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги давлат чегараси чизиғини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича эришилган келишувлар бу борада улкан аҳамият касб этади. Ташриф доирасида шунга оид шартноманинг имзоланиши нафақат мамлакатларимиз ва халқларимиз, балки бутун минтақа ҳаётида тарихий воқеа бўлади.

Фуқаролар борди-келдиси учун ўттиз кунгача визасиз тартиб жорий этилгани, чегарадан ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тиклангани, Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатнов очилгани ҳам ҳамкорликнинг муҳим амалий натижаларидир.

Олий даражадаги музокараларда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар кўриб чиқилди. 

Музокаралардан сўнг эришилган келишувлар бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган жами 27 та ҳужжат имзоланди. 

Ушбу салмоқли ҳужжатлар тўплами мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун янгича ҳуқуқий асос яратади. 

Матбуот анжуманида Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон музокаралар дўстона, очиқ ва амалий руҳда ўтганини, мулоқотлар натижасидан мамнунлигини таъкидладилар.

“Биз Ўзбекистон ва Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Бунинг натижаси сифатида муҳим ҳужжатлар – Давлат чегараси бўйича шартнома ва Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим имзоланди. Бугун эришилган тарихий келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга”, деди давлатимиз раҳбари.

 Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини давлат раҳбарларининг самарали музокаралари, ишбилармон доираларнинг бевосита мулоқоти натижасида бу кўрсаткич 1 миллиард долларга олиб чиқиладиган бўлди.  

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳал қилинмаган масалалар қолмаганини таъкидлади. Президент Эмомали Раҳмон бу фикрни тўла қўллаб-қувватлади. 

Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшнилик асосида янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди.

Душанбеда бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Абдураҳмон Жомийнинг яқинда ўзбек тилига таржима қилинган, “Муҳаббат махзани” китобини Эмомали Раҳмонга туҳфа қилди. Президентимиз сўзбошиси билан нашр қилинган ушбу китоб Тожикистон раҳбарига катта мамнуният бағишлади.

Маълумки, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий замондош бўлган.  Халқларимиз ўртасидаги қардошлик алоқалари уларнинг ижодида кучли илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган. Самарқандда ўзбек ва тожик адабиётининг буюк намояндалари бўлган бу икки шоирга ҳайкал ўрнатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Душанбе шаҳрида очилган мамлакатимиз саноат корхоналари миллий кўргазма-ярмаркасига ташриф буюрди. 

Дастлаб бу ерда Ғалаба – Амузанг – Хушади темир йўл тармоғининг расмий очилиш маросими бўлди. Президентлар поезд ҳаракатини бошлаш учун рамзий тугмани босди. 
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан танишди. 

Кўргазма икки қисмда ташкил этилган. 1500 метр квадрат ёпиқ манежда  “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзкимёсаноат”,  “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзбекипаксаноат”, “Ўзбекчармпойабзали”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ўзфармсаноат”, “Ўзқурилишматериаллари”, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, Ўзшаробсаноат”, “Ўзметкомбинат” каби йирик компания ва ассоциациялар маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

500 метр квадрат очиқ майдонда автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, юк машиналари, автобуслар ва бошқа маҳсулотлар кўргазмага қўйилган. 

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Тожикистон Президентида катта таассурот қолдирди. Уларнинг сифати ва нархи барчага маъқул бўлишини таъкидлади. Кўргазма-ярмаркани яна кўпроқ вақт давом эттириш, Ўзбекистон маҳсулотларини сотиш ва ҳамкорликда ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Самарали музокаралардан сўнг Душанбе шаҳрининг “Кохи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқларимиз дўстлигининг шонли анъаналари бугун сув ва ҳаводек зарурлиги, ушбу бебаҳо меросни асраб-авайлаш ва ривожлантириш келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз эканини таъкидлади.

Биз ўзбек ва тожик халқлари ўртасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича астойдил ҳаракат бошладик. Ниятимиз ёр бўлиб, эзгу мақсадларимизга эришамиз, иншооллоҳ.

Биз дўстлик ва инсонийлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан, аввало, қардош Тожикистон билан ҳамиша дўст ва биродар, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўламиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. Ўтган йили икки мамлакатда Ўзбекистон ва Тожикистон маданияти ва санъати кунлари, кўргазмалар, ижодий сафарлар ва кўплаб бошқа тадбирлар ташкил этилди. Халқларимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлган ушбу анжуманлар одамларга катта қувонч бағишлади.

Тожикистонлик ижодий жамоалар Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг доимий иштирокчиларидир. Ўзбекистон эстрадасининг таниқли намояндалари ва Тошкент цирки ижодкорлари гастроллари билан тожикистонлик санъат мухлисларини хушнуд этиб келмоқда.

Бу галги концерт ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги маданий яқинлик, дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатларининг навбатдаги намойиши бўлди. Дўстона ташрифнинг биринчи куни  самарали ва қизғин кечди.

Prezident.uz сайти материаллари асосида Р. Зарипова тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.