Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид ол Мактум билан телефон орқали сўзлашди дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон етакчиси Амирликлар Вице-президентини қутлуғ байрам — ушбу мамлакат ташкил топганининг 50 йиллиги билан муборакбод этиб, фаровонлик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилакларини изҳор этди.
БАА ижтимоий-иқтисодий, инновацион ва гуманитар тараққиётнинг барча соҳа ва йўналишларида катта ютуқларга эришаётгани, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Буларнинг барчаси Дубайда муваффақиятли ўтказилаётган EXPO бутунжаҳон кўргазмаси тадбирларида ҳам ўз тасдиғини топмоқда.
Ўзбекистон Президенти ва Амирликлар Вице-президенти ҳар доимгидек яқин ва дўстона икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали шерикликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжуд эканини қайд этдилар.
Юқори технологиялар ва инновациялар, “яшил” энергетика, савдо ва логистика, шунингдек, интеллектуал салоҳиятни рўёбга чиқариш соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Фаол мулоқотни ва барча йўналишларда кенг кўламли ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.
Телефон орқали мулоқот очиқ, дўстона ва ишончли руҳда ўтди.