Ўзбекистон Республикаси Президенти Хоразм вилоятида

0
197
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 12 март куни Хоразм вилоятига келди.

Мамлакатимиз раҳбарининг ташрифи билан prezident. uz расмий веб- сайти орқали  танишар эканман, беихтиёр ўтган йили янги очилган Урганч тикувчилик мажмуасида  бўлганим хаёлимдан кечди. Корхона раҳбари Фароғат Саъдуллаева ёнида суҳбатлашиб ўтирар эканман,  йигирма минут ичида янги очилган фабрикадан иш сўраб 15-20 нафар аёл кириб келди. Ҳаммаси ноумид қайтиб кетишди. Иш ўринлари тўлганлигини, чеварлик касби борлар ишга қабул қилинганлигини, чеварликни билмайдиганлар аввалдан 3 ойлик курсларда ўқитилганлигини таъкидлади.  Умид билан қадам ташлаган аёлларнинг кўзларидаги қувонч сўнганини афсус билан кузатиб ўтирдим. Урганчда аёллар ўртасида ишсизлик шу даражада бўлса, узоқ ҳудудлардаги аҳвол бунданда беш баттардир, деган фикр кечди.

Шунинг учун мамлакатимиз раҳбари воҳа билан танишишни узоқ ҳудудлардан   бошлагани мени қувонтирди. Мамлакатимиз Президенти борган жойларни кузатар эканман,  аввало кархоналарнинг замонавийлигига ва ишчи ўринларининг яратилишига, эзгу ишларнинг изи кўпайишига алоҳида эътибор берди. 

Президент “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасига борди

Давлатимиз раҳбари воҳанинг энг чекка тумани “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасидаги “Develop Textile” хорижий корхонаси фаолияти билан танишдан бошлади.

 “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 306 миллион доллардан зиёд бўлган, жумладан, 266 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эвазига, умумий ҳисобда 19 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларда сендвич панеллар, ювиш воситалари, автомобиль радиаторлари, қурилиш материаллари, трикотаж маҳсулотлари, тиббиёт қўлқоплари, пойабзаллар ва бошқа товарлар ишлаб чиқарилмоқда. Бир минг бир юздан зиёд киши иш билан таъминланган.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Develop Textile” хорижий корхонаси эркин иқтисодий зона ҳудудидаги истиқболли лойиҳалардан бири. Ушбу компания 13 миллион долларлик лойиҳа асосида жорий йил январда ишга туширилди. Германия, Туркия, Хитойдан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. 760 та иш ўрни яратилди. 

Бу ерда йилига 4 минг тонна бўялган тайёр чоксиз трикотаж мато, 14 миллион дона турли хил тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Германия, Франция ва Европанинг бошқа давлатларига йилига ўртача 12 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.

Президентимиз бу каби замонавий компанияларни кўпайтириш орқали вилоятда етиштириладиган пахта хомашёсини тўлиқ қайта ишлаш, фақат тайёр маҳсулот экспорт қилиш зарурлигини таъкидлади. 

Жорий йилда “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 26 миллион доллардан зиёд яна 4 та корхона фойдаланишга топширилиши ҳамда 488 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Замонавий иссиқхонада қисқа вақтда 480 минг долларлик экспорт қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Янгиариқ туманидаги “Global Food Impeks” масъулияти чекланган жамият томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхонани кўздан кечирди.

Хоразмда  гидропоника усулида иссиқхоналар қурилаётгани кишини қувонтиради. Бу сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бераётир. Кейинги пайтда помидорларнинг сифати бузилиб кетяпти. Бизнинг болалигимиздаги  помидорлар йўқ дея афсусланаман.  Президентимиз маҳсулотнинг сифатига ҳам эътибор бергани мени қувонтирди.

“Global Food Impeks” масъулияти чекланган жамият учун ажратилган майдон 23 гектардан зиёд бўлиб, биринчи босқичда 10 гектар ерда иссиқхона қурилган. 140 киши иш билан таъминланган. 

Қаровсиз ер ўзлаштирилиб, ҳар гектаридан йилига 300-400 минг доллар миқдорида даромад олинаётгани халқимизнинг ҳам яратувчи деҳқонларнинг ҳам ризқ насибасидир. 
Помидор ва бодринг кўчатлари шу йил январда ҳосилга кирди. Ўтган қисқа вақтда 480 минг долларлик экспорт қилинди. Йил охиригача 4-5 миллион долларлик маҳсулот сотиш мўлжалланган.

Корхона тўлиқ қувватда ишлаганда йилига 4 минг тонна помидор ва бодринг, шунингдек, қулупнай, гуллар ва бошқа маҳсулотлар етиштирилади, жами 280 та иш ўрни ташкил этилади. Маҳсулотларнинг 80 фоизини қўшни давлатлар, Россия ва Туркияга экспорт қилиш режалаштирилган.

“Хоразмда ер шўрланган. Шундай жойларда замонавий иссиқхоналарни кўпайтириш, 100-200 гектарга етказиш керак. Ҳам одамларга ишчи жой, ҳам экспорт бўлади, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Энг асосийси шу билан иш тўхтаб қолмаслигини ҳам кузатдик. Чунки, шу ерда вилоятда мева-сабзавотчилик, томорқачилик, чорвачилик, балиқчиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Президент пиллачилик корхонасини кўздан кечирди

Мамлакатимиз раҳбари борган яна бир ҳудуд Янгиариқ туманидаги янги  ишга туширилган “Хоразм пилла холдинг” кластери замонавий корхонаси бўлди.  Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида кенг тарқалаётган кластер усули бу кархонада тут дарахти экилишидан бошлаб пиллани қайта ишлаб тайёр маҳсулот етказиб беришдир. Рrezident. uz расмий веб- сайти орқали берилган сувратларни томошо қилиб  астойдил яйрадим. Замонавий, миллий адраслардан тикилган, тўқилган маҳсулотлар кўзни қувонтиради.

Бу ерда 5 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичида 2 та қайта ишлаш линияси иш бошлаган. Пилладан хом ипак, ипак момиғи, ипак мато ишлаб чиқариш, ипак гилам тўқиш йўлга қўйилган. Йилига қарийб 1 миллион 160 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. 

Корхонада 120 доимий, 1800 мавсумий ишчи, асосан хотин-қизлар меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бундай корхоналарни бошқа туманларда ҳам ташкил этиш, бунинг учун тадбиркорларга бино ва тутзорлар ажратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. 

2019 йилда вилоятда “Хоразм ипаги” ва “Хива Силк Фабрик” корхоналари ҳам иш бошлади. Шунингдек,  жорий йилда 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияни ўзлаштириш ҳисобига саноатбоп ипак қурти уруғи тайёрлаш корхонасини ташкил этиш белгиланган.

Агар топшириқлар кўнгилдагидек бажариладиган бўлса, хоразмликларни жумладан,  аёлларни иш билан таъминланишига кенг имконият яратилади.

  Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.