Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Янги йил кириб келиши муносабати билан халқларимизни қизғин табриклаб, кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболларига оид долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Юқори даражадаги изчил алоқалар, ўтган йили кузда Анқарага ҳамда жорий йилнинг баҳорида Тошкентга амалга оширилган тарихий ташрифлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан юқори даражага олиб чиққани алоҳида таъкидланди.
Сиёсий соҳадаги конструктив ҳамкорлик ривожланмоқда. Парламентлараро мулоқот фаоллашди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ҳамкорлик кенгаймоқда. Экспорт ва импорт ҳажми юқори суръатлар билан ўсмоқда.
Шаҳар, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, мамлакатимизда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида замонавий саноат корхоналарини барпо этиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ривожланаётгани, таълим ва соғлиқни сақлашда истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан эътироф этилди.
Суҳбат якунида давлатлар раҳбарлари дўстлик ва стратегик шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.
Президентлар, шунингдек, янги 2019 йилда қардош Ўзбекистон ва Туркия халқларига тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тиладилар.