Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорига ШАРҲ

0
198
марта кўрилган.
 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарори соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини ривожлантиришни ҳар томонлама давлат томонидан қўллаб-қувватлаган ҳолда янада рағбатлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмларини кенгайтириш, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестицияларни янада жалб қилиш мақсадида қабул қилинди, дея хабар берилади UZA сайтида.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2863-сонли қарорига мувофиқ, соғлиқни сақлаш тизими хусусий секторини янада ривожлантириш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотларининг фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлашнинг хусусий секторида кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини оширишни назарда тутувчи кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Ўтган давр ичида соғлиқни сақлашнинг хусусий сектори томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турлари кенгайди, уларнинг сони 50 тадан 126 тагача ошди. Хусусий тиббиёт ташкилотлари стоматология ва косметология хизматларидан ташқари, 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан, олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материаллари учун божхона тўловларидан озод қилинган. 

Таъкидлаш жоизки, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янгидан ташкил этиладиган микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши қишлоқ ва олис туманларда хусусий тиббиётни ривожлантиришни тезлаштириш имконини берди. 

Натижада хусусий тиббиёт муассасаларининг сони 440 тага кўпайиб, уларнинг умумий сони 4 мингдан ошди. Икки мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 

Шу билан бирга, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат тиббиёт муассасаларининг алоҳида функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига бериш имкониятларини кўриб чиқиш, соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий туризм ва давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, тиббий кадрлар малакасини республикада ва чет элда ошириш, хусусий соғлиқни сақлаш секторини ягона ахборот-коммуникация тизимига интеграциялаш, шунингдек, тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш тизимини жорий этиш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда. 

Айнан шу масалаларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Қарорнинг муҳим аҳамиятга эгалиги шу билан тасдиқланадики, унда давлат тиббиёт ташкилотларининг ёрдамчи бўлинмаларини (озиқ-овқат блоклари, кир ювиш хоналари, тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш ва ҳ.к.) хусусий сектор вакилларига бериш орқали давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, хусусий тиббиёт ташкилотларига шартнома асосида давлат тиббиёт ташкилотларининг баъзи бир тиббий хизмат турлари (лаборатория, гемодиализ, стерилизация ва бошқалар) ҳам ўтказилади. Уларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади. 

Қарор билан 2018-2019 йилларда хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш бўйича лойиҳаларнинг тиббий ихтисослик турлари, молиялаштириш манбалари ва ҳажмлари кўрсатилган манзилли рўйхати тасдиқланган. 

Қўйилган масалаларнинг муҳимлиги боис, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри Давлат қўмитаси билан биргаликда манзилли рўйхат лойиҳалари ташаббускорлари зарур ҳужжатларни тақдим этганда қурилишни амалга ошириш учун белгиланган тартибда ер майдонлари ажратиш, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда, истисно тариқасида, давлат мулкидаги фойдаланилмасдан турган объектларни “ноль” харид қийматида бериш бўйича вазифаларни ҳал этиш топширилган. 

Қарорнинг аҳамиятлилиги яна шу билан ифодаланадики, унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва “AKFA MEDLINE” масъулияти чекланган жамиятининг Тошкент шаҳрида Корея Республикаси етакчи олий тиббий таълим муассасаларидан бирининг фаолиятини, Корея Республикасининг тиббиёт марказлари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда “AKFA MEDLINE” МЧЖ хусусий клиникаси негизида хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш ва маҳаллий тиббиёт кадрлари малакасини ошириш Марказини ташкил этиш тўғрисидаги ҳамда Корея Республикасининг илғор клиникалари ва тиббиёт марказлари билан, уларнинг диагностика, даволаш, сервис ва менежмент масалалари бўйича тиббий хизмат кўрсатишдаги тажрибасини ўрганиш ва махаллий тиббиётга жорий этиш ва “AKFA MEDLINE” масъулияти чекланган жамиятининг худудий филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланмоқда. 

Билдирилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида уларни амалга ошириш юзасидан бир ой муддатда “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш юзасидан вазифа топширилган. 

Таъкидлаш жоизки, қишлоқ ва олис туманлардаги шифокорларнинг таъминланганлигини яхшилаш мақсадида қарорда тиббиёт ташкилотларида меҳнат қилаётган шифокор-пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш назарда тутилган. 

Қарорда хусусий тиббиёт ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилган. Хусусан, “Асака” акциядорлик-тижорат банки қошида ташкил этилган нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига ҳар бир ҳудуд учун ҳажми 1 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган навбатдаги 14 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги транш кредит маблағларини ажратиш назарда тутилган. 

Бунда нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, хусусий тиббиёт ташкилотлари шифокорларини малака ошириш учун хорижий мамлакатларга юборишга ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга қаратилади. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларига хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш учун имтиёзли кредитлар бериш тавсия этилган. 

Қарорда тиббиёт кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга катта эътибор берилган. Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига икки ой муддатда “Асака” акциядорлик-тижорат банки қошида ташкил этилган нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан хусусий тиббиёт ташкилотлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун хорижга юбориш тартибини тасдиқлаш юзасидан топшириқ берилган. 

Шунингдек, қарорда етакчи хусусий тиббиёт ташкилотларининг кадрлар ва моддий-техник салоҳиятидан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда шартнома асосида хусусий тиббиёт муассасаларидан тиббий касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари талабалари, малакасини ошираётган амалиётчи шифокорлар учун ўқув база сифатида фойдаланишни назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва уни 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб жорий этиш бўйича вазифа юклатилган. 

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббиёт ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш концепциясини ҳамда тиббий туризмни янада ривожлантириш, хорижий фуқароларнинг тиббий хизмат олиш учун республикага кириши учун қулай шароитларни яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди. 

Соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини янада ривожлантириш унинг республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишдаги салмоғини сўзсиз оширади. Бу эса, ўз навбатида, ишончли статистика маълумотларини шакллантириш учун ягона ахборот-коммуникация технологияларига бўлган эхтиёжни келтириб чиқаради. Соғлиқни сақлашнинг давлат ва хусусий секторлари ўртасидаги изчилликни таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идорлар билан биргаликда хусусий тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини “Соғлиқни сақлаш” комплекс ахборот тизимига улаш, келгусида эса уларни Ягона интерфаол давлат хизматлари порталига интеграциялаш бўйича таклифларни тайёрлаш вазифаси топширилди. 

Умуман, мазкур қарорнинг амалга оширилиши соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини жадал ривожлантириш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг юқори малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини янада оширади.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.