Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 август куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида Беларусь раҳбари мамлакатимиз етакчиси ва кўп миллатли халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан муборакбод этди, Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилади.
Ўзбекистон Президенти, ўз навбатида, Беларусь Президентини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар тилади.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва амалий шериклик лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши туфайли Ўзбекистон-Беларусь муносабатларида юксак даражага эришилганини таъкидладилар.
Ўтган йилда товар айирбошлаш 44 фоизга, жорий йилнинг етти ойида эса яна 12 фоизга ошди. Ўтган ҳафта Минск шаҳрида қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.
Иқтисодиётнинг турли тармоқларига доир ишлаб чиқилаётган йирик кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Давлат раҳбарлари фаол маданий-гуманитар алмашинув дастурларини давом эттириш лозимлигини таъкидладилар.
Минтақавий кун тартиби, шу жумладан жорий йил сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитини ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.