Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги муносабатлар қамрови кенг. Мамлакатимиз 1992 йил 2 мартда ушбу жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилотга аъзо бўлди. Ўтган даврда тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи хавф — хатарларга қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида Ўзбекистон БМТ билан изчил ҳамкорлик қилиб келади.
Кока-Кола жамғармаси Орол денгизи бўйича БМТнинг Қўшма дастури доирасида Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида сув таъминотини такомиллаштириш бўйича лойиҳага 100 000 АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқда.
БМТнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳон аҳолисининг 40 фоиздан кўпроғи сув танқислигидан азият чекмоқда, сайёрамизда истиқомат қилувчиларнинг 884 миллион нафари тоза сув таъминотидан маҳрум ва дарё ҳавзалари ҳудудида яшовчи 1,7 миллиарддан кўпроқ одамлар қўшимча чучук сув манбаларига эҳтиёж сезмоқдалар.
Орол денгизининг қуриши натижасида Қорақалпоғистонда ҳам бир қатор ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммолар вужудга келган. Натижада маҳаллий аҳолининг фақатгина 50,8 фоизи сув таъминотининг марказлашган тизими хизматидан фойдаланиш имкониятига эга. Узоқ туманларда истиқомат қилувчилар эса жойларда ўрнатилган сув манбалари орқали, ҳамда чуқурлиги 400-500 метр бўлган артезиан қудуқларидан олинадиган сувни истеъмол қилишмоқда. Ҳозирги вақтда Тахтакўпир туманининг “Атакўл” қишлоқ фуқаролар йиғинининг “Макпалкўл” овулида ичимлик сувини фақатгина қўл насослари ёрдамида ёки қишлоқ фуқаролар йиғинига олиб келинадиган цистерналардан олиш имкони мавжуд. Бу эса саломатлик ва санитария борасида муаммоларни юзага келтирмоқда.
Кока-Кола жамғармаси ҳамда Глобал сув ресурслари муаммолари бўйича ташкилоти (Глобал Wатер Чалленге — ГW) ҳамкорлиги натижасида амалга оширилаётган Янги Олам Дастурининг (Неw Wорлд Програм — НWП) молиявий кўмагида иш бошлайдиган “Оролбўйидаги қишлоқ ҳудудларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш” номли янги лойиҳа 2018 йилнинг охиригача сувни тақсимлаш станциясини тиклаш бўйича қатор тадбирларни ўтказишни назарда тутади. Станцияда таъмирлаш ишлари якунига етгач ва янги замонавий ускуна ўрнатилгач 1 948 нафар киши ўз эҳтиёжлари учун тоза артезиан сувидан фойдаланиш имконига эга бўлади.
БМТ Тараққиёт дастури, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши ҳамда Тахтакўпир тумани ҳокимияти иштирокида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа НWП ташкилоти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Янги Олам Дастури (Неw Wорлд Програм — НWП) нима? “Янги дунё: Инсоннинг барқарор инклюзив ривожи ташаббуслари” дастури Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ)ни қўллаб-қувватлаш орқали барқарор жамоаларни қуришга қаратилган етакчи дастур ҳисобланади. У 2014 йилдан буён БМТ Тараққиёт Дастурининг Кока-Кола жамғармаси билан ҳамкорлик механизми сифатида фуқаролик жамияти ташкилотлари (нодавлат, жамоат ташкилотлари)ни инновацион, ўзида бир қатор масалаларни қамраб олувчи, жумладан БМТнинг БРМ сари сув ва санитария муаммоларини бартараф этиш мақсадида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Янги лойиҳа доирасида станцияни тўлақонли ишини таъминлаш ва сув таъминоти тизимидан доимий фойдаланишни амалга ошириш учун Ташаббус гуруҳи ташкил этилади. Маҳаллий аҳоли ва туман маъмурияти иштирокида ўқув масканлари ва тиббиёт муассасаларида санитария ва гигиена қоидалари масалалари бўйича туркум тренинглар ва семинарлар ташкил этилади. Мазкур лойиҳани жорий қилиш тажрибаси бошқа аҳоли турар жой масканлари учун ҳам фойдали бўлиши, Оролбўйи минтақасида инсон саломатлиги хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши кутилмоқда.
Малика Мусаева,
БМТ Матбуот хизмати