Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бир-бирини самимий табрикладилар

0
68
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари шу кунларда мамлакатларимизда кенг нишонланаётган мустақиллик байрамлари муносабати билан бир-бирини дилдан қутлаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми 30 фоизга ошди. Фаол ҳудудлараро алмашинувлар давом этмоқда, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, транспорт алоқалари кенгаймоқда. Муҳим маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда.

Суҳбат чоғида Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил сентябрь ойида ўтказишга келишиб олинди.

Транспорт ва энергетика соҳаларида минтақавий аҳамиятга молик устувор инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан “Қамбарота-1” ГЭСини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ШҲТнинг бўлажак Самарқанд саммити кун тартибини муҳокама қилдилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.