24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилдилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида Россия етакчиси Президентимизни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ҳамда Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва равнақи йўлидаги давлатчилик фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Шунингдек, Владимир Путин куни кеча Шавкат Мирзиёевни дўстлик ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги катта хизматлари учун Александр Невский ордени билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзолангани ҳақида хабар берди. Давлатимиз раҳбари Россия Президентига Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги даражасига юксак баҳо бергани ва уларни янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Ҳукуматлараро даражада йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик механизмлари доирасида, шу жумладан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг юқори суръатини таъминлаш ва устувор кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида биргаликдаги фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари ҳудудлар ўртасидаги самарали алоқалар ва алмашинувларни ҳам мамнуният билан қайд этиб, уларни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидладилар.
Минтақавий кун тартибига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.