Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида

0
136
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Тоййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мулоқотда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари юқори суръатларда ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар.

Ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга ва жорий йил апрель ойи охири – май ойи бошида Туркия Республикаси Президентининг мамлакатимизга тарихий давлат ташрифлари икки томонлама кўп қиррали муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, аниқ амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.

Ўзаро сиёсий мулоқот фаол ривожланиб бормоқда, мамлакатларимиз халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик қилмоқда, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда, ўзаро савдо ҳажми ортмоқда: жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш қарийб ўттиз фоиздан зиёд ошди.

Туркиянинг етакчи саноат компаниялари ва банклари билан биргаликда мамлакатимиз ҳудудларида, аввало ,юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, энергетика, транспорт-коммуникация, логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарсозлик, банк-молия соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар жадал ривожланмоқда.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирган долзарб масалаларини муҳоқама қилдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини, кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар дея хабар берилади prezident. uz сайтида.


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.