Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида

0
84
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Президент Режеп Таййип Эрдоғанни туғилган куни билан самимий қутлаб, унинг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган катта эътибори ва саъй-ҳаракатларини ҳамда қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасидаги самарали учрашув ва музокаралар кўп қиррали ва ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани ҳамда аниқ амалий мазмун бахш этгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Президент Режеп Таййип Эрдоған Президентимиз Шавкат Мирзиёевга табрик ва эзгу тилаклар учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Президенти тимсолида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида ҳақиқий биродар ва ҳамфикрга эга бўлганини алоҳида таъкидлади.

Мазкур тарихий ташриф якунлари бўйича эришилган аниқ келишув ва имзоланган битимларнинг бажарилиши, жумладан, савдо, инвестиция, банк-молия, транспорт, туризм
ва бошқа муҳим соҳалардаги йирик қўшма лойиҳаларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш борасида келишиб олинди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистон Республикасига бўлғуси олий даражадаги ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда муқаддам эришилган келишувларни бажарилиши масалалари юзасидан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ташкиллаштириш муҳимлиги эътироф этилди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат раҳбарлари ўзбек-турк ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашди.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқладилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.