Бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бутун мусулмон дунёси учун шодлик ва шукроналик, хайр-саховат айёми бўлган қутлуғ Рамазон ҳайити муносабати билан ўзаро табрик алмашдилар.
Туркия Президенти ушбу муборак кунларда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази қурилишига тамал тоши қўйилганини юқори баҳолади ва ушбу марказ маърифий исломни ривожлантириш ҳамда буюк аждодларимизнинг бой меросини дунё ҳамжамиятига етказишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Томонлар олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва мулоқотлар яхши анъанага айланиб бораётганини, икки мамлакат ўртасида абадий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари кун сайин мустаҳкамланаётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Шу йил 29 апрель – 1 май кунлари Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига амалга оширган илк тарихий давлат ташрифи доирасидаги самарали учрашув ва музокаралар, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кенг йўналишлари бўйича эришилган аниқ келишувлар, имзоланган муҳим шартнома ва битимлар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг равнақи ҳамда фаровонлигига хизмат қилиши чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқот давомида икки давлат раҳбарлари савдо, инвестиция, банк-молия, транспорт, туризм, инфратузилма ва бошқа муҳим соҳалардаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашилди.
Суҳбат сўнгида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик, қардошлик ва бир-бирига ҳурмат тамойилларига асосланган муносабатларни ҳамда қўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқладилар.