24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат бошида Давлатимиз Раҳбари Режеп Таййип Эрдоғанни Туркия Республикаси Президенти лавозимига сайлангани муносабати билан самимий табриклаб, унга катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон-Туркия кўп асрлик дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари бугунги кунда юқори суръатлар билан ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани чуқур мамнуният билан алоҳида қайд этилди.
Давлатлар раҳбарлари, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли ва кўп қиррали ҳамкорлиги, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси Президентлари барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёр эканликларини яна бир бор билдирдилар.