Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқотида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарини куни кеча бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклади.
Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан ҳукуматлараро комиссияларнинг йиғилишлари, транспорт, энергетика ва маданият вазирларининг учрашувлари муваффақиятли ўтказилди.
Товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръат билан ортиб бормоқда. Қардош халқларимизни яқинлаштиришга қаратилган муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.
Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва амалий шериклик лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидладилар.