Ўзбекистон ва Венгрия етакчиларининг мулоқоти аввал тор доирада бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев меҳмонни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги даврни бошлаб беришини таъкидлади.
Виктор Орбан юртимизга келганидан мамнунлигини билдириб, Венгрия Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.
Музокарада сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон – Венгрия муносабатларини ўзаро ишонч ва кенг доирадаги умумий манфаатларга асосланган стратегик шериклик даражасига кўтаришга тайёр эканлигини тасдиқлади. Узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли янги соҳаларни ишга солиш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
Томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича қарашлар ва ёндашувлар умумий экани тасдиқланди.