«Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол аёли» кўрик-танлови

0
329
марта кўрилган.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта концертлар залида шу йилнинг 12 февраль куни “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партиянинг туман кенгашлари масъул ходимлари, ҳамкор ташкилотлар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Танловни ўтказишдан мақсад – мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, хотин-қизларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда ўз имкониятларини рўёбга чиқаришларига кўмаклашишдан иборатдир. Шунингдек, Ўзбекистон ХДП Устави, Сайловолди дастури ҳамда Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда партия сафидаги хотин-қизлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизларни аниқлаш кўзда тутилган. Уларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, партия сафига жалб этиш орқали ижтимоий фаоллигини таъминлаш уч босқичда ташкил этилган кўрик-танловнинг асосий моҳиятини ташкил этди.

Тадбирда алоҳида эътироф этилдики, мамлакатимиз  Презеденти раҳбарлигида хотин-қизларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маданий тараққиётида фаол иштирок этишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг иқтидор ва истeъдодларини, ақл-заковати ва интеллектуал қобилиятини тўла намоён этишларига кўмаклашиш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлат бошқарувини демократлаштириш ва янада либераллаштиришга йўналтирилган ислоҳотлар жараёнида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сиёсий онг ва маданиятини ривожлантириш орқали демократик қадриятларнинг турмушимизга чуқурроқ кириб келиши таъминланмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи аввало, Конституция ва қонунларимизда мустаҳкамланди. Жумладан, хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Сайлов тўғрисидаги қонунчиликда сиёсий партиялардан депутатликка кўрсатиладиган номзодлар орасида хотин-қизлар 30 фоиздан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди. Бу меъёр Мустақил давлатлар хамдўстлиги мамлакатлари ичида биринчи бўлиб жорий этилди.

Яратилган шундай имкониятлар натижасида парламентимизда хотин-қизлар сони ва ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Шунингдек, маҳаллий кенгашларга Халқ демократик партиясидан сайланган 400 нафардан ортиқ депутат аёллар партия электорати манфаатларини вакиллик органлари орқали ҳимоя қилмоқдалар.

Кўрик-танлов иштирокчилари “Хотин-қизлар муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли”, “Сиёсий ҳозиржавоблик” каби инсон билим ва тафаккурини бойитишга, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилувчи шартлар билан бирга янги иш ўринларини ташкил этиш, маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилган ўз  лойиҳаларини намойиш этишди. Улар тақдим этган аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга йўналтирилган янги ғояларни ўзида мужассам этган лойиҳалар Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида белгиланган меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган мақсад ва вазифаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда ҳакамлар ҳайъати ғолибларни аниқлашди.

Танловда  партиянинг Бектемир тумани кенгаши вакили Д.Капабаева “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиби деб топилди ва танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. 2-ўринни Мирзо Улуғбек туман кенгаши вакили Ш.Орипова қўлга киритган бўлса, Яшнабод туман кенгашидан Д.Қорабоева 3-ўринни эгалладилар. Шунингдек, номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир сўнгида, танловнинг 2 шарти бўйича иштирокчилар томонидан таклиф этилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилиши ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.

Н.Гафурова,

Ўзбекистон ХДП Тошкент

шаҳар кенгаши

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.