Кеча Олий Мажлис Сенатида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш миллий ва ҳудудий кенгашлари аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари онлайн ва офлайин иштирок этди.
Мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очди:
— Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида коррупцияга мойил бўлган соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупция омилларининг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадларидан бирига айланди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда “Коррупциясиз қонунчилик” тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда, инсон омили таъсирини ва унинг турли давлат хизматларини кўрсатишга аралашувини камайтириш чоралари кўрилмоқда, коррупцияга қарши курашишда замонавий ахборот технологиялари жорий этилмоқда.
Яқинда «Transparency International» халқаро ташкилоти 2021 йил учун “Коррупцияни қабул қилиш индекси”нинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз 100 баллик индекс бўйича 28 балл тўплаган. Ўзбекистон дунё миқёсида 5 йилда муҳим ўзгаришларга эришган давлатлар қаторидан жой олди. Шубҳасиз, индекс натижалари мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ортга қайтмас тус олгани, ушбу иллатга қарши амалий ва таъсирчан чоралар кўрилаётганидан далолат беради, — деди Сенат Раиси.
Йиғилишда қайд этилганидек, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида коррупцияга оид жиноятларни очиш даражаси ошди. Мисол учун ўтган йили 2020 йилга нисбатан жавобгарликка тортилган шахслар ва суд органларига юборилган ишлар ўртача 3 баравар ошди. Ҳар йили коррупция жиноятлари натижасида давлатга етказилган моддий зарар ундирилмоқда.
Мамлакатимизда қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
Мажлисда 2021-2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ижросининг бориши, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «йўл хариталари»да белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Давлат харидлари бўйича ягона маълумотлар базаси бўлган махсус ахборот портали (www.xarid.mf.uz) ташкил қилинди. Амалга оширилган операциялар натижасида 5,8 триллион сўм тежалди. 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб тўлиқ электрон харидлар йўлга қўйилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги “йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида бирламчи тиббиёт муассасаларига “Электрон поликлиника” тизими жорий этилди ҳамда 16 та тиббий хизмат рақамлаштирилди.
Шунингдек, йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурлар, “йўл хариталари” ва бошқа чора-тадбирлар режаларида белгиланган вазифаларнинг аксарияти бажарилмасдан қолаётгани, соҳага масъул вазирликлар томонидан “йўл хариталари»да белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши тизимли таҳлил қилинмаётгани қаттиқ танқид қилинди.
Масалан, давлат харидлари соҳасида 2020 йилда қабул қилинган “йўл харита”сида белгиланган вазифаларнинг 30 фоизи бажарилмаганлиги аниқланган. Қолаверса, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганда 16 та ҳужжатнинг 12 тасида (75 фоизи) 46 та коррупциявий омил мавжудлиги аниқланган.
Мажлис доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини кучайтириш, уларни ахборот, маслаҳат ва услубий қўллаб-қувватлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Барча соҳада коррупцияга қарши курашиш бўйича ишларни жадаллаштириш, соҳада парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аввало, инсонларнинг онгида коррупцияга қарши муросасизликни шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Якунда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА