Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди

0
1113
марта кўрилган.

Илк бора Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари, фаолият йўналиши ва ваколатлари нималардан иборат?

ОАВ вакиллари ушбу ва бошқа  саволларга жорий йилнинг 19 февраль куни Адлия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида жавоб олишди. Тадбирда соҳа мутахассислари, экспертлар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан вазир лавозимига маъқулланган Раҳмат Маматов иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади. Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди.

Жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.

Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ва вазирлик тузилмасига ўтказилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раҳбар органларининг ушбу ташкилотларни тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилади.

Бунда, агентликка ФҲДЁ органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функциялар юкланади.

Фармон билан мамлакатда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни самарали жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳалла тизимини ривожлантириш ва жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этишнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган концепцияси ишлаб чиқилади.

Фуқаролар йиғини раисига бир қатор қўшимча ҳуқуқлар берилди. Жумладан, фуқаролар йиғини раиси тегишли ҳудуддаги профилактика инспектори фаолиятига баҳо бериш ҳамда уни рағбатлантириш ёки унга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги, ҳудудий ички ишлар бош бошқармалари ҳамда бошқармаларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

Фармон билан, ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарига – профилактика инспекторларини хизмат вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ишга жалб этганлик учун ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва масъул ходимларига нисбатан бевосита интизомий жазо чораларини қўллаш ваколати берилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган 46 турдаги ҳамда профилактика инспекторларига юклатилган 13 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига асосий фаолият йўналишларидан ташқари функцияларни фақатгина давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳақ тўлашни назарда тутувчи шартнома асосида амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тузилмасида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари саналган ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи, тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи, ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимлари тугатилди.

Қуйидаги янги лавозимлар киритилди:

  • фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари;
  • фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари;
  • фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари;
  • оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис;
  • фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси;
  • фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси.

Шунингдек, қуйидаги жамоатчилик тузилмалари тугатилди:

  • яраштириш комиссияси;
  • маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия;
  • ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия;
  • вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия;
  • тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия;
  • жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия;
  • “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси.

Бундан ташқари қуйидаги комиссиялар ташкил қилинди:

  • оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси;
  • ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссия.

Фармон билан қуйидаги лавозимлар жорий этилди:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасида Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозими;
  • вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида ҳоким ўринбосарлари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари лавозими;
  • туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларида ҳоким ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозими.

Бош вазир ўринбосари, Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, тегишли ҳоким ўринбосарлари саналган хотин-қизлар қўмиталари раиси лавозимлари тугатилди.

Фармонга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Вазирлик хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга масъул ҳисобланади.

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари – Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари раислари, ҳудудий бўлинмалар бошлиқларининг тегишли ўринбосарлари – Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари раислари этиб белгиланади.

Шунингдек, эндиликда фуқаролар йиғини раиси беш йил муддатга сайланади.

Маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март – “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилинди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.