Ўзбекистонлик журналистлар ЕХҲТ кўмагида терроризм ва экстремизм мавзусини ёритишга оид лойиҳа машғулотларида

0
281
марта кўрилган.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари кординатори идораси кўмагида «Терроризмга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг роли» деб номланган  лойиҳа асосида сабоқларни бошлади.

Лойиҳа доирасида тўртта тренинг ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, улардан биринчиси Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» бизнес-марказида бўлиб ўтди. Малака ошириш гуруҳида  мамлакатимиздан 22 нафар журналист қатнашди.

Ўқув машғулотларида  дастлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалалари бўйича қонунчилик базаси ҳақида тушунча беришди. Мавзуни янада ёрқинроқ тушинтириш мақсадида ҳужжатли фильм намойиш этилди. Амалий машғулотда журналистлар  ўз хатосини англаб, мамлакатга қайтиб келган ва кечирилган йигитнинг тақдирига бағишланган ушбу тасвирнинг ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилишди.

Терроризм ва экстремизм мавзусини ёритишда катта тажрибага эга бўлган  журналист, «Новости Узбекистана» интернет-нашри раҳбари Виктор Михайлов ҳамкасбларига мавзунинг ўзига хос томонлари, уни ёритишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида гапириб берди.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренерлари, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ўқитувчилари Беруний Алимов ва Нозима Тошпўлатова тақдимотлар, интерактив ўйинлар, тестлар, сўровномалар ёрдамида ёш журналистларга ўз устида ишлаш, ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот тўплаш, йиғилган манбалардан унумли фойдаланиш, таҳлил қилиш, хулоса чиқара билиш пировардида мақсадга эриш йўлларидан сабоқ беришди.

Лойиҳа иштирокчилари ушбу мавзуга оид муаммоларни  очиб бериш борасида катта тассуротларга эга бўлишди.Тадбир ва ундаги ўзаро  мулоқотлар ёш журналистларнинг мавзуини ёритишдаги салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшди, десак арзийди. Шахсан ўзим ҳам ушбу машғулотлардан мавзуни ёритишда  унитилмас сабоқлар олдим.

Камола ҲАТАМОВА

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.