Ўзини ўзи молиялаштирадиган ОТМ йўналишлар, мутахассислар, тўлов-контракт қийматини белгилаш ҳуқуқига эга бўлади

0
358
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтиш истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Маълумки, 2020 йил 1 январдан бошлаб юртимиздаги 10 та олий таълим муассасаси – Тошкент давлат иқтисодиёт, Тошкент давлат юридик, Урганч давлат ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетлари, Самарқанд давлат чет тиллар, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис, Тошкент молия, Тошкент давлат шарқшунослик, Тошкент фармацевтика ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтлари тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтди.

Анжуманда тизимга ўтиш, жараённи ташкил этиш, турли тушунмовчиликлар юзасидан маълумотлар берилди.

ОТМларнинг босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши, иқтисодий барқарорликни таъминлаш орқали академик мустақилликка эришиши, пировардида малакали кадрлар тайёрлаш ва кенг илмий-тадқиқот фаолиятини йўлга қўйиш тажрибаси ривожланган давлатларда анъанага айланган.

Ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган ОТМларга таълим бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда, муассасанинг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилади.

Мустақил молиялаштириш тизимига ўтадиган олий таълим муассасаларида давлат гранти ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш давом этади. Бу эса қабул квоталарини нафақат сақлаб қолиш, балки уларни ошириш имконини беради.

Мисол учун, 2020 йилдан ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган ОТМлар қарийб 17 минг талабани ўқишга қабул қилиши кутилмоқда, бу эса 2019 йилдаги кўрсаткичдан 20 фоиз кўп деганидир.

Маълум қилинишича, ўзини ўзи молиялаштириш тизимининг жорий этилиши олий таълимнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва бюджет маблағларининг ажратилишини камайтирмайди. Ҳукумат иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлашда инвестор бўлиб қолади.

2020 йилда республикадаги ОТМларни молиялаштиришга 7 триллион сўмдан ортиқ (2019 йилга нисбатан 50, 5 фоиз кўп) маблағ ажратилиши прогноз қилинди.

Ҳозирда ОТМлар ўз маблағларини кўп ҳолларда олдиндан белгилаб берилган тартибда сарфлашга мажбур, яъни ажратилган маблағ ҳажмига мувофиқ, 46,8 фоизи ойлик маош учун, 33,1 фоизи стипендияларга, 11,5 фоизи бюджет учун ажратмалар ва 8,6 фоизи бошқа харажатлар учун сарфланади. Янги молиялаштириш тизимига ўтадиган ОТМлар эса юқоридаги мақсадлар учун қанча маблағ сарфлашни мустақил ўзи белгилайди.

Бунда, ОТМ юқори малакали мутахассисларни жалб этиш ва уларга кўпроқ ҳақ тўлаш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини белгилаш, иқтидорли, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаши мумкин.

Қолаверса, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини, китоблар, журналлар, ўқув адабиётларини харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлай олади. 

Ушбу имкониятлар олий таълим тизими ходимлари нуфузини оширишга, меҳнатга муносиб хақ тўлаш орқали ОТМларга ёш иқтидорли ва истиқболли мутахассисларни жалб этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Барно Мелиқулова, ЎзА

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.