Озиқ-овқат ва энергия таъминотидаги долзарб вазифалар белгиланди

0
65
марта кўрилган.

Бухоро шаҳрида 11 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу йилги қаҳратон қиш ва ёздаги ўта иссиқ кунлар синовли бўлди. Шу боис, келаётган қишга ҳозирданоқ тайёрланиш, бунинг учун етарли озиқ-овқат захирасини шакллантириш ва энергия барқарорлигини таъминлаш зарур.

Ўтган йилларда пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига деҳқончилик учун 200 минг гектар ажратилгани озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтиришда муҳим омил бўлди. Натижада 700 минг нафар аҳоли доимий, яна 1 миллион 300 минг нафари мавсумий иш билан таъминланди. 605 минг нафар деҳқонларнинг даромади ошди. Картошка, пиёз, сабзи билан ўзини ўзи таъминлайдиган туманлар кўпайди.

Шу билан бирга, кўп туман ва шаҳарлар сабзавотлар, гўшт ва тухумни бошқа ҳудудлардан олиб келмоқда. Ҳокимлар ажратилган ерлардан фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаяпти.

Шу боис давлатимиз раҳбари бу борада янги ташаббусларни билдирди. Энди дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилади. Бўш турган 100 минг гектар яйловларни чорваси бор аҳоли камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилади. “Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳолига ерларни беришда улар ер учун барча тўловлардан озод қилинади.

Талабгор топилмаган майдонларни сувли ва аҳолига яқин ерларга алмаштириш, янги экин жойларини очиқ-ошкора савдога чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Булар ҳисобига 1 миллион тонна маҳсулот етиштириб, қўшимча 800 минг аҳолини даромадли қилиш мумкинлиги айтилди.

Дала четларида узум, кади, қовун, тарвуз ва сабзавот экиб, қўшимча 220 минг тонна маҳсулот етиштириш, 600 минг бош парранда ва 300 минг дона асалари оиласини боқиш бўйича дастур ижроси кўриб чиқилди.

Нархларни жиловлаш такрорий экинларни кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш орқали бўлиши кераклиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда иссиқхоналар майдони 3 баробарга кўпайиб, уларда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми 90 минг тоннадан 300 минг тоннага кўпайган. Уларда 150 минг аҳоли юқори даромадли иш билан банд.

Куз-қиш мавсумида иссиқхоналарга ёқилғи маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, зарур бўлса, бунинг хариди учун кредитлар ажратиш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилишда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш вазифалари ҳам муҳокама қилинди.

Юртимизда “яшил энергетика”ни ривожлантириш, иқтисодиётга энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича катта ишлар қилинмоқда.

Ўтган даврда 430 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилди. Шунинг ўзи йилига 1,2 миллиард киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқармоқда. Бу – ижтимоий соҳа объектлари йиллик истеъмолининг 60 фоизига тенг, дегани.

Бугунги кунда ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари ҳамда аҳоли хонадонларида 250 Мегаватт қуёш панеллари ўрнатилди.

Шу билан бирга, энергия ресурсларини тежаш тобора долзарб бўлиб бормоқда. Йил якунига қадар 3,7 миллиард киловатт соат электр ва 2,4 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Иккинчи ярим йилликда 30 миллиард куб метр газ қазиб олиш ҳамда ерости газ омборларида захирани камида 3,5 миллиард куб метрга етказиш, 41 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш вазифаси белгиланди.

Электр тармоқлари ва трансформаторларни тўлиқ таъмирлаш, энергия ресурслари истеъмолида тартиб-интизомни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.