Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Жорий йилда халқаро ва хорижий молия институтлари томонидан йўналтирилган 2,7 миллиард долларни ўзлаштириш режалаштирилган. Уларнинг асосий қисми Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳиссасига тўғри келади.
Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, амалдаги лойиҳаларни оптималлаштирган ҳолда, маблағлар биринчи ўринда тиббиёт соҳасига йўналтирилмоқда. Халқаро ташкилотлар бу борада мамлакатимизга кўмаклашиш ва маблағ ажратишга тайёр эканини билдирмоқда.
Йиғилишда халқаро молия институтлари пандемия билан кураш учун соғлиқни сақлаш соҳасига ажратаётган 277 миллион доллар миқдоридаги маблағларни тез фурсатларда ва самарали ўзлаштириш лозимлиги таъкидланди.
Ислом тараққиёт банки билан келишиб, Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилаётган шифохона ва Юқори Чирчиқ туманидаги карантин ҳудудини замонавий тиббий техникалар билан жиҳозлаш бўйича топшириқлар берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига бирламчи ва тиббий ёрдам лойиҳалари доирасида Осиё тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банкининг 30 миллион доллар маблағи эвазига ўпкани сунъий вентиляция қилувчи 2 минг 300 та аппарат ва бошқа ускуналар сотиб олиш вазифаси қўйилди.
Осиё инфратузилма инвестициялари банки ва Жаҳон банкидан қўшимча маблағлар жалб этиб, тиббий ва ижтимоий соҳаларга йўналтириш бўйича кўрсатма берилди.
Пандемия шароитида тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 700 миллион доллар жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу маблағларни, биринчи навбатда, мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат саноати ва экспортни рағбатлантиришга йўналтириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 мартдаги фармонига кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилган эди. Мазкур фонддан инфратузилма ва коммунал хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча равишда 3,6 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган.
Йиғилишда шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирлари учун донор ташкилотлар билан қўшимча грант келишувлари имзолаш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилишни жадаллаштириш ва ўз вақтида ўзлаштириш бўйича вазифалар белгиланди.