Пенсияга чиқиш талаблари ўзгармоқда

0
306
марта кўрилган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиққан бўлиб, ушбу лойиҳа 27 апрель куни халқ муҳокамасига қўйилган эди, дея хабар берилади gov. uz сайтида.

Ҳозирда жойларда унинг муҳокамаси ўтказилиб, мутахассислар томонидан берилган тавсиялар ва интернет орқали билдирилган фикрлар тахлил қилинмоқда. Пойтахтимизда ўтказилган навбатдаги давра суҳбати “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш заруратини белгиловчи асосий омиллар: мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими.”, деб номланди. Унда Олий Мажлис Сенатининг бюджет ва иқтисодий ислоҳатлар қўмитаси, Қонунчилик палатаси вакиллари, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва ЮНИСЕФ каби ташкилотларнинг мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда берилган маълумотга қараганда, бугунги кунда мамлакатимизда Пенсия жамғармаси тизимида 3,3 миллион нафардан кўпроқ пенсионер ва нафақа олувчи бўлиб, мамлакатимиз аҳолисининг ўртача 10 фоизини ташкил этади. Ўтган 2017 йил давомида пенсия ва нафақа тўловлари учун жами 16,6 трилион сўмдан ортиқ маблағ молиялаштирилган. Бу давлат бюджетининг жами харажатларининг ўртача учдан бир қисмини ташкил этади. 

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи ўринбосари Шухрат Ўтагановнинг қайд этишича, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон республикаси қонуни 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида қонунга 20 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шу билан бирга қонунда бир қатор ҳаволаларнинг борлиги, яъни тўғридан тўғри таъсир этувчи нормаларнинг мавжуд эмаслиги, турли фармон ва қарорлар билан тартибга солиниши қонуннинг турли хил талқин қилинишига олиб келаётган эди.

Янги ишлаб чиқилган “Давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги концепцияда асосий масалалардан бири сифатида – янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон республикаси қонунини ишлаб чиқиш назарда тутилган. 
“Ҳозирги вақтда қонунда юқори иш стажи ва юқори маошга эга бўлган, ижтимоий суғурта тизимида фаол яъни кўп миқдорда улуш ажратган фуқароларни рағбатлантириш меҳанизмлари мавжуд эмаслиги боис, концепция доирасида ижтимоий суғурта бадалларини кўпроқ ўтказган фуқароларни пенсия бадалларини ошириш масалаларини кўзда тутганмиз: 
Жумладан, 35 йилдан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсия миқдорини ўртача ойлик иш ҳақининг 2%ига ошириш; пенсия тайинланадиган санада қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг 8 бараваридан 12 бараваригача миқдордаги пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ошириш; 
Амалдаги пенсия таъминоти тизими, 7 йилдан кам бўлмаган стажга эга бўлган шахсларга пенсия тайинланишини назарда тутади. Эндиликда, ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал стаж давомийлигини ошириш таклиф этилмоқда. Дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан МДҲ давлатларида талаб этилган энг кам иш стажи 10 – 15 йилга етказилган.
 
Ҳозирда фуқароларимиздан кўплаб фикрлар келиб тушмоқда. Ўтган вақтда нафақат ижобий, балки салбий мазмундаги муносабат ҳам билдирилган. Буларнинг ҳаммаси инобатга олинади.”,-дейди Шухрат Ўтаганов. 

Тадбирга иқтисодчи олимлар ҳам таклиф этилган бўлиб, улар ўз фикрларини билдириб ўтишди. Ўзбекистон Миллий университети профессори, Иқтисод фанлари доктори Абдурахмон Вахобовдан жорий ислоҳотлар ҳусусида сўраганимизда шундай мулоҳаза билдирди: 
— Аҳолининг табиий ўсишини пасайиши, кишиларнинг ўртача умри давомийлигининг ошиши, бизни иқтисодиётда яширин қисмидаги ишловчиларнинг мавжудлиги кабилар пенсия тизимида бир қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Жумладан, пенсия тизимида олинаётган пенсиянинг миқдори одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун етмайди. Бу тизимнинг ўз мажбуриятлари бор ва бошқа соҳаларда жорий этилаётан ислоҳотлар, пенсия тизимини ҳам ислоҳ этишни талаб этмоқда. Биз бу соҳа бўйича қатор мамлакатлардан ортдамиз. Масалан, ҳозирда республикамизда эркаклар 60 ёшдан, аёллар эса улардан беш йил олдин пенсияга чиқадилар. Бундай ёндошув дунёнинг саноқли мамлакатларида қолган. Ўтган асрнинг 30 йилларида қабул қилинган бу норма ўша пайтлар учун тўғри эди. Чунки, у вақтда одамларнинг ўртача умр кўрсаткичи 60 ёш эди, ҳозир эса 73 ёш бўлди Концепцияга биноан пенсияга чиқиш ёши босқичма-босқич «дунёдаги ўртача кўрсатгич» даражасига етказилади. 

Пенсия жамғармаси самарали ишлаши учун бир пенсионерга камида 4 та ишловчи тўғри келиши керак. Ана шундагина пенсия фондига суғурта бадаллари барқарор келиб тушади ва пенсионер тўловларни керагича ва ўз вақтида олади. Ҳозир Ўзбекистон мисолида олиб қарасак, 18 миллиондан ортиқроқ иқтисодиётда меҳнат қилиш қобилиятига эга фуқаролар бор бўлиб, шундан 14, 2 миллион киши расман ишлаяпти ва уларнинг 10,5 миллиони Халқ банкида ўзининг индивидуал персоналлашган хисобига эга. Бироқ шундан 4 ярим миллионигина муттасил равишда бадалини тўлаб туради. Демак, 3.3 миллион пенсионер бўлса, бир нафар пенсионерга бир яримта ишловчи тўғри келапти. Ҳозирги тизимда давом этадиган бўлсак, яқин келажакда пенсия фондининг ҳаражатлар қисми ва даромад қисминиг мувозанатини бузилиши рўй беради. Бизда яширин секторнинг улуши кўп биз уларни легаллаштиришимиз керак. Шунингдек, айрим қўшимча тўловлар ҳам бор бўлиб, булар тизимга салбий таъсир кўрсатади. Масалан, пенсия фондидан суюнчи пули бериш тўғри эмас. Шу каби тўловлардан ҳам воз кечиш керак.”- дейди, профессор Абдурахмон Вахобов 

Концепция муаллифлари ҳозирда ишлаётган пенсионерларга уларнинг пенсиясини тўлиқ миқдорда тўлашни ҳам таклиф этишмоқда. Шунингдек, Қариялар уйларида яшаётган ва ногирон пенсионерлар пенсияни кўпайтириш кабилар ҳам таклифлар қаторидан ўрин олган. 

Таклиф этилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, семинар иштирокчилари, шу жумладан ҳалқаро молия институтлари экспертлари, янги таклиф этилаётган нормаларни босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлиги тўғрисида фикр билдиришди. Хусусан, дастлабки босқичда талаб этиладиган минимал иш стажини босқичма-босқич ҳар йили, 2019 йилдан бошлаб 10 йилгача ошириш, пенсия ёшини эса 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 6 ойга, аёллар учун 58 ёшгача ва эркаклар учун 63 ёшгача ошириб бориш тавсия этилди.
 
Концепция билан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг сайтида танишиш ва муносабат қолдириш мумкин.
 
Н. Тошпўлатова, ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.