Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига Лондондаги Вестминстер университети ректори Петер Бонфилд ташриф буюрди.
Петер Бонфилд собиқ велоспортчи бўлиб, айни дамда ушбу спорт соҳасида жаҳоннинг энг етакчи мутахассисларидан бири ҳисобланади. Хусусан, 2012 йил Лондонда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида велоспорт баҳсларида мусобақа ўтадиган ҳудуд инфраструктурасини ишлаб чиққан.
Учрашувда Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов шундай дея таъкидлади: – “Вестминстер университетининг Тошкентдаги филиали юртимиздаги энг олди олий ўқув-юртларидан бири ҳисобланади. Бу даргоҳ ҳар йили мамлакатимиз учун юзлаб малакали кадрларни тайёрлаб бериши билан ҳурмат қозонган. Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистонда спортни ривожлантириш йўлида хорижлик мутахассисларни жалб қилишга алоҳида эътибор бермоқда. Қолаверса, мамлакатимизни ривожлантириш йўлидаги 5 та муҳим ташаббусдан бири ҳам айнан спортга қаратилган. Сизнинг велоспортга қизиқишингиз ушбу йўналиш ривожини юртимизда янги босқичга олиб чиқишига ишонаман”.
Суҳбат давомида Петер Бонфилд юртимизга қилган ташрифидан олган таассуротлари ҳақида гапириб берди.
– Олимпия ҳаракати дунёдаги барча инсонларни бир мақсадда бирлаштиради. Ўтган йили ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрган эдим. Ўтган бир йилдаги ўзгаришларни, улуғвор ислоҳотларни кўрдим. Юртингиз худди афсонавий ўзбек велоспортчиси Жамолиддин Абдужабборовнинг тезлигидек ривожланиб бормоқда. Сўнгги 20-30 йил ичида Буюк Британияда велоспорт ривожи катта босқичга чиқди. Бунда мамлакатимизда қўлланилган “UK active” лойиҳаси асосий омил бўлди. Мен ҳар доим жаҳонда велоспорт ривожланиши тарафдори бўлиб келганман. Бу йўлда қандай ёрдам керак бўлса, тайёрман”, – деди Петер Бонфилд.
Суҳбат давомида ҳар икки томон ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича атрофлича фикр алмашдилар.
Тилга олинган Жамолиддин Абдужабборов ким?
У 1964 йил 28 февралда Тошкентда туғилган. Профессионал спортчилик фаолияти давомида велоспорт оламининг энг нуфузли мусобақалари — «Тур де Франс» пойгасининг 9-босқичи, Италияда ўтказиладиган «Джиро д’ Италия» мусобақаси 1-босқичи, «Вуэльта»нинг 7-босқичи, Жаҳон велопойгаси 5-босқичларида зафар қучган.
Ж. Саъдуллаев тайёрлади.