Пойтахтдаги янги туманда янги завод

0
150
марта кўрилган.

Тошкентда яқинда ташкил этилган Янгиҳаёт туманида Тошкент металлургия заводи ишга тушди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу мажмуа очилишини “тарихий воқеа” деб атади.

– Ҳаракатларимизнинг асосий мақсади яқин йилларда яхлит, “нолдан тайёр маҳсулотгача” бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида.  

Ушбу завод қурилиши 2017 йил февралда бошланган бўлиб, қисқа муддатда бунёд этилган улуғвор  корхонада  йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Бу қурилиш материаллари, маиший техника, электротехника ва озиқ-овқат саноатидаги юзлаб корхоналарнинг эҳтиёжини таъминлаш имконини беради. Илгари бундай маҳсулотлар асосан четдан олиб келинарди.

Келажакда ушбу завод автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари эҳтиёжини ҳам қоплашга хизмат қилади.

Мажмуада 700 га яқин киши ишлайди. Лекин, турдош тармоқлар билан бирга ҳисоблаганда, 5 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мумкин.

Тез орада янги корхона Бекободдаги металлургия комбинати билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади. Бугунги кунда Бекободда қиймати 800 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда – 1 миллион тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга қуюв-прокат мажмуаси барпо этиляпти. Унинг маҳсулотлари Тошкент металлургия заводи учун хомашё бўлади. Шунинг ўзи рух ва полимер қопламали листларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 90 фоизга етказиш имконини беради.

Бу ерда Италия, Германия, Россия, Австрия, Швейцария, Жанубий Корея каби 27 та мамлакатдан асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишлаб чиқариш, назорат қилиш ва бошқариш жараёнлари автоматлаштирилган. 

Энг муҳими, заводда “яшил” технологиялар қўлланган. Чиқиндиларни қисқартириб, қатъий экологик меъёрларга амал қиладиган, чиқинди газларни ушлаб қоладиган, оқова сувларни тозалайдиган ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.