Президент: Адолат – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди

0
53
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан:

Ҳурматли депутат ва сенаторлар!

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилади.

Хабарингиз бор, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамларни қўйдик. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.

Биринчидан, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим.

Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.

Келгуси йилдан бошлаб, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

Навбатдаги муҳим масала – янги йилдан бошлаб, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади.

Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади.

Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.

Энди йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Иккинчидан, жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилади.

Жумладан, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади. Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади.

Мазкур енгиллик натижасида ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилади.

Учинчидан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарур.

Ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан икки ой муддатда ўз таклифларини ишлаб чиқиши зарур.

Бунда, Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда, тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши керак.

Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши лозим.

Тўртинчидан, ўтган йили 1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди.

Келгуси йилда бу ишларни давом эттириб, 2005 йилгача мамлакатимизга келиб, доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини берсак, нима дейсизлар?

Бу ўзгариш билан юртимизда яшаб келаётган яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлади.

Бундан буён, юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувлар шароитида биз юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада жадаллаштиришимиз лозим.

Келгуси йилда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларимизни давом эттирамиз. Хусусан, Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Келгуси йилда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.

Ҳуқуқ-тартибот идораларини аҳоли осойишталиги ва фуқаролар манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айлантиришга қаратилган ислоҳотларимиз изчил давом эттирилади.

Сўнгги йилларда республикамизда юз берган табиий ва техноген офатлар, куз-қиш мавсумида содир бўлаётган ёнғин ва бошқа кўплаб нохуш ҳолатлар бу борадаги мавжуд тизимни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Юртимизда барпо этилаётган кўплаб йирик объектлар ва баланд қаватли биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизимини ташкил этиш зарур.

Шунингдек, соҳанинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини тубдан мустаҳкамлаш лозим.

Шу сабабли 2 ой муддатда “Фавқулоддаги ҳолат тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳамда юқорида қайд этилган муаммолар ечимига қаратилган Ҳукумат дастури ишлаб чиқилсин.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.