Президент Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. Ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, тикувчи аёллар билан мулоқотда бўлди.
«Хотин-қизларимизнинг ҳаётга муносиб бўлишида кийиниш маданиятининг ўрни катта. Либоси ўзига ёқса, ярашса, аёл кишининг кайфияти яхши бўлади. Бундай чиройли ва бежирим, миллий менталитетимизга мос кийимлар кийган хотин-қизларнинг дунёқараши ҳам кенг бўлади. Бу йўналишни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки аёлларни рози қилиш давлатимизнинг энг катта сиёсати», деди Шавкат Мирзиёев.
2008 йилда ташкил этилган мазкур корхона аёллар кийим-кечакларини тикишга ихтисослашган. 2012-2015 йилларда Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёни модернизация қилинган. Замонавий бичиш-тўқиш, безак бериш ҳамда тикув машиналари келтириб ўрнатилган.
Бугунги кунда бу ерда кўйлак, костюм, камзул, пальто, куртка каби 20 турдан ортиқ маҳсулотнинг 1000 га яқин модели ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий фасонларга монанд тайёрланган бу либослар юртимиз хотин-қизларига маъқул бўлмоқда.
Бундан ташқари, ўтган йили корхонада 632 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 801 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда.
Президентимиз Германия технологияси асосида дастурлаштирилган декоратор ускунасининг аҳамияти ҳақида тўхталди. Кийимларнинг дизайни ва рангларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
«Хориждан технология олиб келишимиз мумкин. Лекин уни ишлатиш мутахассисга боғлиқ. Шуни яхши тушунингларки, кечаги билим билан бугунги ва эртанги замонни қуролмаймиз. Шунинг учун ҳамиша ўқиш, ўрганииш, дизайнер ва ишчиларнинг малакасини доимий ошириб бориш зарур», деди давлатимиз раҳбари.