Президент: Чилонзор туманини индустрия хабига айлантириш керак

0
103
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни Тошкент шаҳри Чилонзор саноат зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мазкур саноат ҳудудида бугунги кунда 510 та корхона бўлиб, яна кўплаб янгилари ташкил этилмоқда.

Хусусан, озиқ-овқат корхонасида йилига 7 минг тонна маҳсулот, шу жумладан 10 турдаги чипс тайёрланмоқда. Яқинда лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиб, маҳсулотлар тури кенгайтирилади.

Мебелсозлик тармоғидаги корхонада йилига 2 миллион метр квадрат ёғоч панеллар ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг катта қисми импорт ўрнини босиши билан аҳамиятли.

Функционал озиқ-овқатлар комбинатида йилига 5 миллион қути йодланган қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг 30 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос йўналиш танлаганига эътибор қаратиб, барча ҳудудларда шундай корхоналарни ташкил этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Йоднинг аҳоли саломатлиги учун муҳимлигини инобатга олиб, мамлакатимизда йод билан бойитилган озиқ-овқатларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди.

Шу ерда Чилонзор туманида саноатни ривожлантириш режалари бўйича тақдимот ўтказилди.

— Чилонзор туманида жуда катта инфратузилма, бўш турган бинолар, кафолатланган энергия ресурлари бор. Фақат тадбиркорларга маблағ бериб, хорижий технологиялар олиб келиб, Чилонзорни индустрия хабига айлантириш керак, — деди Президент.

Давлатимиз раҳбари иқтисодий лойиҳалар ижтимоий соҳада ҳам натижа келтириши зарурлигига алоҳида тўхталди. Тадбиркорларга кўмак бериб, фаолиятини кенгайтириб, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада бошланган янги дастурдан фойдаланиб, тумандаги 3 минг камбағал ва 10 минг ишсиз фуқарони иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Президентимиз Чилонзор туманидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини ҳам кўздан кечирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.