Президент фарғоналик фаоллар билан учрашувда Сўх воқеалари ҳақида гапирди

0
97
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида  бўлиб ўтган йиғилишда  халқ билан очиқча гаплашиб, муаммоларни биргаликда ҳал этиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида келганини таъкидлади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

— Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бу —  халқ ишончи. Ҳали  биринчи қадамларни қўйяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди. Туманларга ўзим боришимнинг сабаби — одамларнинг яшаш шароитларини юрагимдан ўтказиб, аниқ чоралар кўриш, ислоҳотлар узоқ-узоқ жойларда ҳам натижа беряптими, қуйи тизимдаги раҳбарлар садоқат билан, жон куйдириб ишлаяптими, деган саволларга жавоб топиш. Ҳар куни бундай учрашув бўлмайди. Аччиқ-аччиқ масалаларни қатъий қўйинглар, — деди Президент.

Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафта Сўх туманида бўлган воқеаларга ҳам тўхталиб, муносабат билдирди.

— Кейинги йилларда қўшни давлатлар билан чегарадош жойлардаги кўп муаммоларни ҳал қилишга эришдик. Сўхдаги воқеалар қирғиз халқи билан дўстлигимизга, борди-келдимизга, режаларимизга таъсир қилмаслиги керак. Вазмин, сабр-тоқатли, меҳр-оқибатли бўлишимиз зарур. Қўшничилик — минг йилчилик. Халқларимиз елкадош бўлиб, бир-бирини ҳурмат қилиб яшаши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бош вазир раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси томонидан муаммолар ўрганилиб, кенг қамровли таклифлар тайёрланган. 2020-2022 йилларда Сўх туманини комплекс ривожлантиришга 500 миллиард  сўм маблағ йўналтириш белгиланган ва 11 минг янги иш жойи ташкил этиш режалаштирилган.

 Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш учун 98 та лойиҳа амалга оширилади.

Жисмоний шахслар ер ва мол-мулк солиғидан озод этилиб, якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромад солиғи ставкаси 2 баробар камайтирилади. 1 минг гектар экин ерларида сув таъминоти яхшиланади.

Туман тиббиёт бирлашмаси бўлимлари, юқумли касалликлар шифохонаси, марказий шифохона тиббий асбоб-ускуналар ва махсус реанимобиль билан таъминланади. Мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари, йўллар ва ижтимоий объектлар таъмирланади.

Сўхлик ёшлар учун водий вилоятларидаги олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилида давлат гранти асосида мақсадли равишда қўшимча 500 та ўрин ажратилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.