Президент илк бор Парламентга мурожаатнома тақдим этмоқда

0
105
марта кўрилган.

Айни дамларда пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда prezident. uz  сайтида.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис ва ҳукумат аъзолари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий кенгашларга сайланган халқ ноиблари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг 33 мамлакатдаги дипломатлари иштирок этмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон тарихида илк маротаба Президентнинг парламентга 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси тақдим этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кўплаб тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд.

Давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, одамларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда.

2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамлар қўйилди. Жумладан, қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу келаси йил қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

Миллий валютамизнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди. 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.

Ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда. Жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси амалга оширила бошлади. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди.

12 та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та мактаб капитал таъмирланди. 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди. Мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. 11 йиллик таълим қайта тикланди.

Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди. Олий таълим муассасаларида иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди.

Ижодий уюшмаларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, шунингдек, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида “Дўстлар клублари” ташкил этилди.

2017 йил жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича ҳам катта ишлар қилинди. Якунига етиб бораётган йилда ўзбекистонлик спортчилар бокс, дзюдо, таэквандо, оғир атлетика, эркин кураш, самбо бўйича ўтказилган турли халқаро мусобақаларда салмоқли ютуқларга эришдилар. 2017 йил айниқса ўзбек миллий кураши тарихида ёрқин саҳифа бўлди. Сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгаши бош ассамблеяси йиғилишида ушбу миллий спорт турини Осиё ўйинлари дастурига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Ўтган давр мобайнида ташқи сиёсат соҳасида хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилди. Жорий йилда 21 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди.

Йиғилишда 2018 йилга қандай ном бериш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларга батафсил тўхталиб ўтади.


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.