Президент маданият ва санъат соҳаси раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди

0
190
марта кўрилган.

Шу йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида  маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Маълумки, мамлакатимизда барча тармоқлар қатори маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилиб, бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда, дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида. 

Айниқса, шу йил 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашуви соҳа ривожида янги тарихий даврни бошлаб берди. Ана шу учрашувда миллий маданиятимиз, адабиётимиз ва санъатимизни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар танқидий таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш йўллари, ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар кўрсатиб берилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида ҳам мазкур соҳа ривожига алоҳида урғу берилиб, халқимиз, жамиятимизнинг маънавий юксалишида маданият ва санъат аҳли олдида турган вазифалар аниқ баён қилинди.

Бўлиб ўтган мажлисда ана шу вазифаларни бажариш бўйича Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва ижодий ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилиб, бу борадаги ишларни фаоллаштириш ва янги босқичга кўтариш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, мажлисда Бадиий академия фаолиятида бир қатор камчилик ва муаммолар учраётгани, уларни тезлик билан бартараф этиш лозимлигига эътибор қаратилди.

Тегишли мутасадди раҳбарларга П.Беньков номидаги Республика рассомлик коллежида 400 ўринли, Республика дизайн коллежида 200 ўринли ўқувчилар турар-жойини қуриш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш юзасидан топшириқ берилди.

Мажлисда маданият ва санъат соҳаларида сидқидилдан хизмат қилаётган ижодий ва техник ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг уй-жой, ижтимоий ва тиббий шароитларини яхшилаш, гонорарлар миқдорини ошириш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини юзага чиқариш бўйича олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш ғоят муҳим вазифалардан бири экани алоҳида қайд этилди.

Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак: мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди, деди Президентимиз. Халқимизнинг ривожланиш даражаси аввало миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият – бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни аввало миллий маданиятимизни ривожлантиришимиздан бошлашимиз лозим.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.