Президент мактабларини ташкил этиш чора — тадбирлари тўғрисида

0
348
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 20 февраль куни  «Президент мактабларини ташкил этиш чора — тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. 

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 18 ноябрда Нукус шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида ҳар бир вилоятда Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида гапирган эди. Юқоридаги Президент  Қарори  билан ушбу эзгу  ташаббус  амалга ошадиган бўлди.

Ушбу қарорда Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилиши таъкидланиб, Президент мактабларининг асосий мақсад ва вазифалари белгилаб берилди.

Ҳужжатда шундай дейилади:”Ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш халқ таълими соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатнинг келгусидаги жадал тараққиёти ёш истеъдодларни аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратиш бўйича ишлар сифатини ошириш заруратини тақозо этмоқда”.

Президент мактабларининг асосий мақсади таълим жараёнига илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш, рағбатлантириш ҳамда келгусида уларни салоҳиятини янада юксалтиришга муносиб кўмаклашишдир. Шунингдек, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, етакчилик кўникмалари ва нотиқлик маҳоратини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш каби кўникмаларни шакллантиришдан иборат бўлади.

Маълум қилинишича, 2019 йилда дастлабки мактабларнинг қурилиши бир вақтнинг ўзида Тошкент ва Нукус шаҳарларида, ҳамда Хоразм вилоятида бошланади. Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларидаги Президент мактабларининг қурилиши 2019 йил 20 августга қадар битказилиши ва ишга туширилишини таъминлаш белгиланган.

 Бунёдкорлик ишлари босқичма босқич амалга оширилиб, Президент мактаблари 2020 йил 20 августга қадар  Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йил 20 августга қадар  эса Андижон, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ишга туширилиши кўрсатиб ўтилган. Президент мактабларига қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади. Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса 5-10-синфларга 144 нафардан ўқувчи қабул қилинади.

Ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM — таълим» (Science — табиий фанлар, Technology — технология, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) дастури асосида олиб борилади.

Президент мактабининг 9-11-синфларида таълим бериш ҳам ўзига хос қилиб белгиланаяпти. Ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини инобатга олган ҳолда, айрим фанлар ва уларни ўрганиш даражасини танлаб олиш орқали ўқув жараёнини индивидуаллаштириш  назарда  тутилади.

Шунингдек, Президент мактабларида ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда асосий ўқув дастури билан биргаликда синфдан ташқари амалий машғулотлар ўтказиш назарда тутилади. Ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор берилади.

Қарорда ўқувчиларни ўқитиш ва билимини баҳолашнинг замонавий услубларини, шунингдек, таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва кейинчалик ижобий тажрибани республика халқ таълими тизимига татбиқ этиш ҳам белгиланган.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўладилар, бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Президент мактаблари бевосита Вазирликка бўйсунади.  Вазирликка Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 майга қадар Президент мактаби ҳақидаги низомни тасдиқлаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш  юклатилган.

Вазирлик ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” давлат унитар корхонаси – Президент мактаблари фаолиятининг методик ва ахборот-таҳлилий таъминоти учун масъул ташкилот этиб белгиланган. Қарорда ушбу маскан ўқувчиларини бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминлаш ҳам белгиланган.

Шунингдек, қарорда Президент мактаблари ходимларини, шу жумладан, юқори малакали хорижий мутахассисларни танлаб олиш, ёллаш ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу билим масканлари болаларнинг иқтидорини тарбиялашга, исътедодини янада ривожлантиришга, мамлакатимизнинг келажаги бўлган фарзандларнинг таьлим — тарбиясига,  илм-фанни ривожлантиришга  муносиб ҳисса қўшади. Ушбу маскандан  келажакда Берунийлар, Хоразмийлар, Мирзо Улуғбекдек буюк сиймолар етишиб чиқади деб умид қиламиз.

 Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.