Шавкат Мирзиёев Фарғона туманида ишга туширилган «Экокерама» корхонасига ташрифи давомида юртимиз фойдали қазилмаларга бойлиги, лекин улар асосида тайёрланадиган материаллар катта миқдорда четдан келтирилаётганига эътибор қаратди:
— Шунча имконият бўла туриб, биз кимни боқяпмиз? Халқимизни боқсак бўлмайдими? — дея ҳақли савол қўйди Президент. — Мамлакатимизнинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир бойлиги аҳоли жон бошига даромадни кўпайтиришга хизмат қилиши керак.
«Экокерама» МЧЖ йилига 500 минг дона 20 турдаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Яъни, импортнинг аксарият қисми ўрнини тўлдиради.
Маҳаллий хомашёдан 100 фоиз фойдаланилиши ва энергия тежовчи технологиялар қўлланилиши сабабли «Экокерама» маҳсулотлари хорижий муқобилларига нисбатан арзон бўлади.
Корхонанинг лойиҳа қиймати 15 миллион доллар. Ҳозирда 500 киши иш билан таъминланган.