Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 21 январь куни Бухоро вилоятига келиб, вертолётда Олот туманига йўл олди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган жорий йилги биринчи ташриф мазкур чекка тумандан бошланаётгани бежиз эмас.
2020 йил 27 апрель куни Бухоро вилоятига жанубдан кучли шамол кириб келган эди. Уй-жойлар, инфратузилма ва экинларга катта зарар етказганди.Давлатимиз раҳбари зудлик билан у ерга етиб бориб, табиий офат оқибатларини бартараф қилиш, турар жойлар ва ижтимоий объектларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берган эди. Қисқа муддатда зарур ишлар бажарилиб, ҳаёт ўз маромига қайтди.
Бу галги сафар чоғида Президент вертолётда ушбу ишлар қамровини кўздан кечирди. Хусусан, Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку ва Шофиркон туманларида 45 мингта уй, 204 та кўп қаватли турар жой таъмирланган. Мингдан ортиқ ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари, йўллар, электр, газ ва алоқа тармоқлари тикланган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркон туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан ҳам учрашди.
– Бугун бу ерга келишимдан мақсад – халқимизни кўпроқ эшитиш, эртанги марраларни белгилашда тўғри йўл тутиш. Туман ҳокимлари ва маҳалла раислари ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирса, ниятимиз амалга ошади, – деди давлат раҳбари.
Ҳудудларни ривожлантириш дастури ҳамда камбағалликни қисқартириш режалари маҳаллабай тизим асосида ишлаб чиқилиши таъкидланди.
– Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса. Ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу йил ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун Қоракўл туманига 36 миллиард сўм, Олот туманига 21 миллиард, Жондор туманига 49 миллиард сўм маблағ ажратилади. Қоракўл касб-ҳунарга ўқитиш марказида 980 нафар ишсиз ва чет элда ишлаш истаги бўлган фуқаролар турли касбларга ўқитилади.
2021-2022 йилларда Олотда 42 та, Қоракўлда 56 та, Жондорда 67 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингта доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Олотда лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлган логистика маркази, Қоракўлда олтингугуртни қайта ишлаш корхонаси, Жондорда керамик плиталар ишлаб чиқариш объекти ишга туширилади. Кичик саноат зоналари ташкил этилади.
Қишлоқ хўжалигида ҳам фойдаланилмаган имкониятлар бор. Жорий йилда 18 километр мелиорация тармоқлари қурилиб, Жанубий Олот хўжаликлараро коллектори реконструкция қилинади. Натижада фойдаланишдан чиққан ерлар қайта ўзлаштирилиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштирилади.
Президентимиз ижтимоий соҳаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталди. Хусусан, Олот туманида кинотеатр ва кутубхонани ўз ичига олган Маънавият ва маданият маркази қурилиши қайд этилди. Шунингдек, мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт муассасалари, ижтимоий хизмат объектлари барпо этилади.
Бу йил Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби реконструкция қилиниб, 200 ўринли ётоқхона қурилиши таъкидланди. Бу даргоҳнинг иқтидорли ёшлари IT соҳасига жалб қилинади.
Жаҳон банки иштирокидаги Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича 139 миллион долларлик лойиҳа якунланиб, 265 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Бу икки туманда 30 йилда ичимлик суви таъминоти 17 фоиз бўлган, жорий йилда бу кўрсаткич 90 фоизга етади.
Давлатимиз раҳбари учрашувда маҳаллий аҳолининг мурожаатларини инобатга олиб, Олот-Тошкент темир йўл қатнови қайта тикланишини маълум қилди.
Бугун бутун мамлакатда уйғониш даври. Лоқайдлик, ўзибўларчилик билан ўзгариш бўлиб қолмайди. Халққа шароит яратиш, ташаббускорларга кўмаклашиш, тинимсиз интилиш ва меҳнатгина натижа келтиради. Учрашув мана шундай руҳда ўтди.