Президент: Меҳнаткаш, фидойи юртдошиларимизни мен ўзимнинг энг яқин қадрдонларим, садоқатли сафдошларим деб биламан

0
36
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

30 август куни Кўксаройда ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди.

Шавкат Мирзиёев барчани аввало Мустақиллик байрами билан, йиғилганларни давлатимизнинг юксак мукофотлари билан табриклади. Мамлакатимизда эришилаётган натижаларнинг асоси, саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳақида юракдан сўзлади.

– Биз нима учун меҳнат қилаяпмиз? Халқимиз тинч ва фаровон яшаши учун, фарзандларимизнинг бахту камоли учун. Инсон қадри деган ҳаракатни бошлаганмиз. Бу ҳаракатни, катта-катта мақсадларимизни жойларда ким амалга оширади? Сизларга ўхшаган фидойи, ватанпарвар, кучли инсонлар! Сизлар – қаҳрамонсизлар, ёшларимизга намунасизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман ва халқимиз номидан раҳмат айтаман, – деди Президент.

Бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Шаҳару қишлоқлар қиёфаси, барча соҳа ва тармоқлар тубдан ўзгармоқда. Иқтисодиёт, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя соҳаларида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Буларнинг натижасини одамлар ўз ҳаётида кўрмоқда.

Мамлакатимиз катта тараққиёт йўлига чиқиб олганини дунё ҳам эътироф этаяпти. Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир нечта резолюциялари қабул қилинди. Йирик сиёсий ва иқтисодий форумларда илгари сурилган кўплаб ташаббуслар халқаро жамоатчилик томонидан катта эътибор билан қабул қилинди ва қўллаб-қувватланди.

Узоқ ва яқин давлатлар билан савдо-иқтисодий, туризм ва инвестиция, маданий-гуманитар соҳаларда фойдали битимлар имзоланди. Юртимизда халқаро даражадаги нуфузли анжуманлар бўлиб ўтди. Санъат ва маданият фестиваллари, Олимпия ўйинларидаги тарихий ғалаба ҳам улкан эътирофларга сазавор бўлди.

Бир сўз билан айтганда, бунёдкор халқ, бағрикенг миллат сифатида жаҳон майдонига чиқдик.

Давлатимиз раҳбари буларнинг барчаси халқимизнинг ютуғи эканини таъкидлади.

– Меҳнаткаш, фидойи юртдошиларимизни мен ўзимнинг энг яқин қадрдонларим, садоқатли сафдошларим деб биламан, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугун Ватанимизга жонкуяр, ўзини эл-юрт тақдирига дахлдор деб биладиган инсонлар янада кўпроқ керак. Бошқаларни, айниқса, ёшларимизни ортидан эргаштира оладиган, эртанги кунга ишонтирадиган, жамиятни бирлаштирадиган одамлар керак. Чунки эл ишончи, халқ бирлиги ва аҳиллиги кўзлаган марраларимизга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Учрашувда бугун дунёдаги вазият, унда оқилона йўл топиш машаққати ҳақида ҳам сўз юритилди. Шиддат билан ўзгараётган давр мамлакатлар, халқлар, инсонлар олдига янги-янги масалаларни қўймоқда. Бутун дунёда рақобат, эртанги кун учун кураш кетяпти. Шунга тайёр миллат, шунга тайёр халқгина Ватани ва давлатини муносиб ўринга кўтара олади.

Келажакда глобал дунёда Ўзбекистоннинг ўрни қандай бўлади? Биз ўз меҳнатимиз, билимимиз, дунёқарашимиз билан эл-юртга қанчалик наф бера олаяпмиз? Бу саволлар ҳаммамизни ўйлантириши керак.

Мустақиллик бизга чинакам қадр-қиммат, инсоний ғурур туйғусини берди. Шу билан бирга, мустақиллик – бу, аввало масъулият дегани. Ўз тақдири, ўз келажагини ўзи белгилаш, обод ва озод Ватан қуриш масъулияти.

Бугунги ютуқлар биз учун чегара эмас. Халқимиз бундан-да яхши яшашга муносиб, катта ишларга қодир. Агар ҳаммамиз “бир мушт” бўлиб, ўз вазифамизни виждонан бажарсак, ислоҳотларда томошабин эмас, фаол иштирокчи бўлсак, кўзланган мақсадларга албатта етамиз. Бунинг учун бизда шароит, имконият, куч-қудрат, салоҳият етарли экани таъкидланди.

Президент жойларда давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган ватандошларимизни ҳам табриклади.

– Мукофот аслида нима? Мукофот – бу аввало инсон қадрини улуғлаш дегани. Одамнинг меҳнати қадр топса, давлат ва жамият томонидан эътироф этилса, бундан унинг ўзи, оиласи, дўстлари, маҳалла-кўй, қолаверса, эл-юрт ҳам хурсанд бўлади. Бизнинг мақсадимиз ҳам шу: ҳалол ва самарали ишлаётган одамларни қадрлаш, иззат-икром кўрсатиш, – деди давлат раҳбари.

Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.

– Яхши ишлаган одам қадр топади. Бугун ҳалол меҳнат, фидойилик ва ватанпарварлик яна бир марта қадр топаётган кун. Бугунги юксак унвонлар, орден ва медаллар сизларни янги зафарларга чорласин. Юртимизда бундай инсонлар қанча кўп бўлса, мен ҳам мукофотлашдан чарчамайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мукофотланганлар юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, халқимизга эзгу тилаклар билдирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.