Президент одамларга қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берди

0
358
марта кўрилган.

Нукус шаҳрининг “Қумбуз овул” маҳалласида барпо этилган кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника жойлашган. Бу шу уйларда яшаётган одамларга, айниқса, ёш болали аёлларга жуда қулай. Иссиқ-совуқ кунларда йўлда қатнаб юрмайди, ҳам вақти, ҳам нақди тежалади.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу муассасалар фаолияти билан танишди.

Бу ерда 5 қаватли 10 та арзон уй қурилган. Уларда барча шароит ва қулайликлар яратилган. “Навше” номли боғча болалар онгини ўстирадиган турли инвентарлар, ўйинчоқлар, методик қўлланмалар билан таъминланган. Инглиз тили, рус тили, шахмат-шашка тўгараклари ташкил этилган.

Оилавий поликлиника ҳудуддаги 8 та маҳалланинг 46 минг аҳолисига хизмат кўрсатади. 250 қатновга мўлжалланган муассаса сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган. 

Электрон қабул тизими йўлга қўйилган. Одамлар уйда туриб, онлайн тарзда навбатга ёзилиши ва белгиланган вақтда шифокор қабулига келиши мумкин. Поликлиниканинг ўзида ижтимоий дорихона очилган.

Президентимиз шифокорлар билан суҳбатда поликлиникага келганларга сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга ҳудуддаги аҳолини патронаж қилиш, ҳар бир одамнинг ҳароратини билиш кераклигини таъкидлади. Касаллик варақаларини электрон шаклга ўтказиш, замонавий тиббиёт ютуқлари асосида ишлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда Абдамбетов кўчасида қурилаётган кўп қаватли арзон уйлар, бўлажак “Nukus city” шаҳарчаси тақдимоти ўтказилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.