Президент олис Томди туманидаги замонавий корхонани бориб кўрди

0
135
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи чоғида олис Томди туманига ҳам борди. Навоий кон-металлургия комбинатининг техноген чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишиб, одамлар билан суҳбатлашди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгунга қадар Навоий кон-металлургия комбинатида 2 та завод бўлган бўлса, ундан кейинги йилларда 4 та гидрометаллургия заводи қурилди. Натижада рудани қайта ишлаш ҳажми 3 мартага, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага ошди. Бу жараёнда, ўз ўзидан, тоғ массасини қазиб чиқариш ҳам кўпаяди ва катта ҳажмда чиқиндилар ҳосил бўлади.

 Янги корхона ушбу техноген чиқиндилардан олтин ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Шу боис у 7-гидрометаллургия заводи деб ҳам аталади.

Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ, умумий қиймати 3,4 миллиард долларлик 27 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Мазкур завод ушбу лойиҳалардан биридир.

Умумий қиймати қарийб 200 миллион доллар бўлган ушбу корхона йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаб, 7 тоннадан ортиқ олтин ишлаб чиқариш қувватига эга. Эътиборлиси, бунда фойдаланиладиган чиқиндилар 2040 йилгача етади.

Завод қурилишида енгил конструкциялар ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилган. Илгари четдан олиб келинадиган кўплаб асбоб-ускуна ва бутловчи материаллар маҳаллийлаштирилган. Хусусан, улар Навоий машинасозлик заводи ва кон бошқармаларидаги цехларда тайёрланмоқда. Кимёвий ишлов бериш жараёнида ҳам маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилмоқда.

Булар таннархни янада арзонлаштиришда муҳим омил бўлаётир.

Корхонада 1 минг 100 дан ортиқ киши иш билан таъминланди. Бу ерга Навоий давлат кончилик институтини тугатган ёш мутахассислар ва маҳаллий аҳоли қабул қилинди.

Президентимиз корхона жамоаси, томдилик фаоллар, ёшлар билан суҳбатлашди.

— Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда ерости бойликларини ўзлаштириш ишлари 30 фоизга ошди. Саноатимизга янги, илғор технологиялар кириб келди. Энг муҳими, бу замонавий корхоналарда ишлай оладиган билимли мутахассислар етишиб чиқаяпти. Давлатимиз учун ерости бойликларидан ҳам қадрли бойлик бу — сизларсиз, — деди Шавкат Мирзиёев ёшларга қарата.

Шу ерда Навоий кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари журналистлар билан ҳам мулоқотда бўлиб, бугун ишга туширилган корхоналарнинг иқтисодий самарадорлиги, саноат соҳасидаги режалар ҳақида сўзлаб берди.

Шунинг билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи якунланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.