Президент: Орзу-умидларингиз ортида Аллоҳнинг марҳамати, эртанги кун қувончи бор

0
36
марта кўрилган.

Давлатимиз раҳбари кеча  пойтахтга қайтишдан аввал Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйи ҳамда«Саховат» уйида бўлди. Шароитларни кўздан кечирди.

Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болалар билан суҳбатлашди.

– Сизлар ҳаммаларингиз менинг фарзандларимсизлар. Ҳаёт жуда мураккаб. Шуни билингларки, бугун оғир кунлар бўлсаям, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор. Сизларнинг қийналганларингиз, оилани эслашларингиз, орзу-умидларингиз ортида Аллоҳнинг марҳамати, эртанги кун қувончи бор. Бу дунёда ким бахтли бўлишини келажак кўрсатади. Сизларнинг бахтли бўлишингиз учун ҳаётларингизга доимий асос яратишни ўйлаяпмиз. Бир марталик эмас, қонун жиҳатидан. Бу ерни тамомлагандан кейин уй билан таъминланиб, фаровон яшашингизни қонун билан ҳимояга оламиз. Тинчлик-осойишталикда сизларнинг бахтингизни кўриш насиб этсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент «Саховат» уйини ҳам бориб кўрди. Унинг биноси 1982 йилда қурилган.

– Менга Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бирдек қадрли. Бугун жуда оғир кун бўлди, кўп масалаларни муҳокама қилдик. Самолётга ўтириб, қайтиш олдидан кўнглимдан сизлар ўтдингиз. Шу муаммони ҳал қилмасдан кетаманми, деб ўйладим. Менга “Саховат” уйларига эҳтиёжи бўлган нуронийлардан жуда кўп хатлар келади. Шуларни инобатга олиб, ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз. Тўрт ой ичида Наманган шаҳрида “Саховат” уйи учун янги бино қуриб берилади. Сизлар муносиб шароитларда яшайсиз,  даволанасиз. Сизларга соғлиқ ва узоқ умр тилайман, – деди давлатимиз раҳбари.

Нуронийлар юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилишди.

Шунинг билан Президентнинг Наманган вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.