Президент Шавкат Мирзиёев Пханмунжомда кореялараро саммит муваффақиятли ўтгани муносабати билан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инга табрик йўллади

0
106
марта кўрилган.

Корея Республикаси Президенти 
Мун Чжэ Ин Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

Сизни 2018 йил 27 апрель куни корейс халқи тарихида том маънода унутилмас воқеага айланган Пханмунжом саммитининг муваффақиятли ўтгани билан самимий қутлайман.

Ушбу учрашувнинг бутун дунё ҳамжамияти диққат марказида бўлган инқилобий натижага Сизнинг қатъий иродангиз, Корея Республикаси ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, минтақада ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга  қаратилган тинчликпарварлик сиёсатини амалга ошириш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз туфайли эришилди.

Музокаралар самимий ва дўстона муҳитда ўтгани, унинг якунлари бўйича қабул қилинган икки давлатни яқинлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларни кўзда тутувчи тинчлик, тараққиёт ва Корея ярим оролининг бирлашиши ҳақидаги Пханмунжом декларацияси Корея Республикаси ва КХДР ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланишига умид ва ишонч уйғотмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли ҳудуд яратиш ташаббускори сифатида Корея ярим оролидаги денуклеаризация жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, бу эса, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва минтақада интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сизнинг темир йўл ва автомобиль қатновини тиклаш тўғрисидаги ташаббусингизни алоҳида таъкидлашни истардим. Бу Корея ярим оролининг бутун Евроосиё минтақаси, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, уни ягона логистика тизими ва жадал савдо-иқтисодий алоқаларга эга минтақага айлантириш учун янги истиқболлар тақдим этади.

Муҳтарам жаноб Президент,

Корея Республикасининг стратегик шериги бўлган Ўзбекистон Республикаси бундан буён ҳам Корея халқининг яқинлик, Корея ярим оролида умумий тараққиёт ва фаровонлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги фаол амалий қадамларини қатъий қўллаб-қувватлайди. 

Корея халқининг бўлиниб кетган оилаларни бирлаштириш, алоқаларни тиклаш ҳақидаги кўп йиллик орзуси бир кун келиб албатта амалга ошади, минтақада эса барқарор тинчлик ва фаровонликка эришилади.

Сиз, қадрдон дўстим ва азиз биродаримга мустаҳкам соғлик, Корея саммитида эришилган келишувларни амалга оширишда улкан муваффақиятлар тилайман. Зеро, бу келишувлар минтақада ва бутун дунёда вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга тарихий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. 

Сиз билан Ўзбекистон заминида яна учрашишни сабрсизлик билан кутиб қоламан!

Юксак эҳтиром билан,

                                                        Шавкат Мирзиёев,
                                                        Ўзбекистон Республикаси Президенти  

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.