Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи 10 мартда давом этди

0
208
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси парламентининг Мажлиси намояндагон палатаси раиси Шукуржон Зуҳуровни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани, томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича якдил келишувларга эришилгани қайд этилди. Айниқса, давлат чегараси бўйича шартнома ва фуқароларнинг ўзаро қатновига қулайлик яратишга оид битим мамлакатларимиз муносабатлари, халқларимизнинг дўстона алоқаларига замин бўлиши алоҳида таъкидланди. Автомобиль ва темир йўлларнинг очилгани, Ишбилармонлар кенгаши тузилгани ҳам бу борада муҳим ўрин тутиши таъкидланди. 

Олий даражада имзоланган ҳужжатларни ратификация қилиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига тўталиб ўтилди. Қонун чиқарувчи органлардаги дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, ўзаро ташрифлар ва тажриба алмашинувни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. 

Олий даражадаги учрашувларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка доир барча масалалар ҳал этилиб, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани таъкидланди. Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик каби соҳалардаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича имзоланган ҳужжатлар юқори баҳоланди.
 
Хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режаси икки мамлакат ҳукуматларига катта масъулият юклаши таъкидланди. Мулоқотда мазкур келишувларни бажариш, савдо айланмасини кўпайтириш ва таркибини диверсификация қилиш, бизнес учун қулай муҳит яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини, бунинг учун барча зарур шароит яратилишини таъкидлади. 

Қоҳир Расулзода Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси сифатида ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, қўшимча имкониятлар бўйича таклифлар тайёрлашга алоҳида аҳамият беришини қайд этди. 

Икки мамлакат ҳудудлари ва етакчи корхоналари ўртасида кооперацияни кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, транзит юк ташишни кўпайтириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.  
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди.

Тожикистон давлати ва халқининг бу воқеадан хурсандлиги бутун ташриф давомида, ҳар бир жабҳада яққол сезилиб турди.

Шавкат Мирзиёевни Душанбе халқаро аэропортига Эмомали Раҳмоннинг ўзи кузатиб қўйди. Бу ҳам протоколда кўзда тутилмаган, илгари кузатилмаган ҳолат бўлди.

Ушбу ташриф ўзаро муносабатлар тарихида  Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга илк давлат ташрифидир.

Ушбу учрашувлар, музокаралар мамлакатларимиз ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, уни амалий мазмун билан бойитди.

Prezident.uz сайти материаллари асосида Р. Зарипова тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.