Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни аввало Мустақиллик байрами билан табриклаб, уларга ўзининг юксак эҳтиромини билдирди.
– Бундай тарихий дамларда ҳар бир халқ ўз истиқлолини сарҳисоб қилади. Ўтган 30 йилда мустақил давлатимиз қурилди, ривожланди, жаҳон ҳамжамиятида ўзимизнинг ўрнимизни, йўлимизни топдик. Бугунги кунда ҳамма соҳа ва тармоқлардаги интилишларимиз, ҳар бир маҳаллага, қишлоққа, оилага кириб боришимиз ўз натижасини бераяпти, одамлар рози бўлаяпти, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳақиқатан, ҳар бир жабҳада ўзгаришлар юз бермоқда. “Янги Ўзбекистон” деган тушунча реал воқеликка айланмоқда. Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан пандемия шароитида иқтисодий ўсишга эришган саноқли давлатлар қаторида эътироф этилмоқда. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” сингари йирик дастурлар жамиятимизда ижтимоий муҳитни тубдан ўзгартирмоқда.
Президент истиқлол йилларида мустақил фикрли, замонавий дунёқарашли янги авлод вояга етганини, улар давлатимизнинг таянчи ва келажаги эканини таъкидлади.
– Мустақиллигимизнинг биринчи йилида туғилган ёшлар 30 ёшга кирди, балоғатга етди. Биз биринчи кундан ёшлар масаласини энг катта вазифа қилиб олганмиз. Агар бугунги шиддатли дунёда ёшларимиз тарбиясига катта эътибор қаратиб, уларга билим, кўмак бериб, ҳозирги замонга муносиб қилиб, йўлини топиб бермасак, кўп нарсадан орқада қолиб кетамиз. Бугун жойларда ишлаётган, ўқиётган, замонавий мутахассис бўлиб етишаётган ана шундай жўшқин ёшларимиз давлатимизга жуда катта куч-қудрат, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, кейинги икки йил инсоният тарихида кутилмаган оғир давр бўлди. Халқимиз ҳам хурсандчилик кунлар билан бирга, машаққатли синовларни ҳам бошидан кечирди. Коронавирус офати бутун дунёни ташвишга солиб, жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Дунё бозорларида шафқатсиз рақобат, “савдо урушлари”, бизга қўшни ҳудудларда қарама-қаршилик ва тўқнашувлар кучайиб бормоқда.
– Бугунги мураккаб шароитда халқимиз саломатлигини асраш билан бирга иқтисодиётимизни ҳам ривожлантиришдек оғир масала кун тартибида турибди. Шу мақсадда иқтисодиёт тармоқларини, боғбону деҳқонлар, фермер ва тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун янги-янги йўлларни излаяпмиз. Мана шундай ўта мураккаб, қалтис вазиятда биз халқимизнинг мустаҳкам иродаси, сизлар каби юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати билан қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган илғор фермер, селекционер олим Муҳаммад Аҳмедовни, математик олим, академик Шавкат Аюповни, атоқли адабиётшунос, таржимон ва публицист Иброҳим Ғафуровни, халқ артисти Муножот Йўлчиевани алоҳида табриклади.
Фидойи шифокорларимиз ўз жонини хавф остига қўйиб, халқимиз саломатлиги учун ҳар куни, ҳар дақиқада курашмоқда. Мард ва жасур ҳарбийларимиз тинч-осойишталик йўлида садоқат билан хизмат қилмоқда. Омилкор тадбиркорлар, деҳқон ва фермерлар, ишчи-муҳандислар мамлакатимиз тараққиётига катта ҳисса қўшмоқда.
Илм-фан, таълим-тарбия, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаси вакиллари катта муваффақиятларга эришмоқда. Навқирон ёшларимиз халқимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиқмоқда.
Президентимиз уларни юксак мукофотлар билан қутлаб, эзгу тилакларини изҳор этди.
Шу кунларда жойларда кўплаб ватандошларимиз «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонини қабул қилиб олмоқда. Давлатимиз раҳбари уларни ҳам халқимиз номидан самимий табриклади.
Шундан сўнг мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Бу йил яна бир хайрли ишга қўл урилди. Президентимиз фармонига мувофиқ, мамлакатимизда маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорлар мукофотланди. Маросимда бу мукофотлар уларнинг оила аъзоларига топширилди.
– Кўксингизда ярқираб, ярашиб турган фахрий унвонлар, орден ва медаллар барчангизга муборак бўлсин, – деди Шавкат Мирзиёев. – Мен ҳаммангизни яхши биламан, сизлар билан фахрланаман. Қадамларимиз баракали, натижали бўлиши учун ҳали кўп ишлашимиз керак. Ўзи, инсон учун энг катта бахт – оилавий бахт, яқинларимиз соғ-саломат, юртимиз тинч-осойишта бўлиши. Илоҳим, ҳаммангизга шундай бахт насиб этсин. Ҳар бир оилада хотиржамлик, тўйлар бўлсин!
Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.