Президент: Халқимизнинг онглилиги асосий қуролимиз бўлиши керак

0
110
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни  навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталиб ўтди.

Бугунга келиб юртимизда COVID-19 билан касалланганлар сони 15 мингдан ошгани, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 8 мингдан ортиқ киши соғайгани қайд этилди. Афсуски, ушбу вирус туфайли қарийб 80 нафар фуқаро вафот этган.

– Вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда. Шунинг учун ҳеч қайси ҳудуд раҳбари бизда аҳвол яхши, деб, хотиржамликка берилишга ҳаққи йўқ. Ҳамма жойда камчиликлар бор. Энг асосий вазифа – уларни вақтида аниқлаб, холис баҳо бериб, тезда тугатиш чорасини кўришдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап айнан мана шу коронавирус ҳақида айтилган. Агар биз бу хатарга бепарво, беғам бўлсак, минглаб одамларнинг соғлиғи ва тақдирини хавф остига қўямиз, вазиятимиз янаям оғирлашади. Энг қўрқинчлиси, ўлим сони кескин кўпаяди.

Эслатиш жоиз, давлатимиз раҳбари ўзининг аввалги чиқишларида пандемияга қарши кураш стратегияси ва тактикасини тубдан ўзгартириш кераклаги ҳақида гапирган эди. Бугун ҳам шу масалага тўхталар экан, ҳозирги пандемия шароитига мос энг кучли, энг таъсирчан воситаларни ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

– Бу курашда давлат ва хусусий тиббиёт тизими, барча идораларнинг доимо сафарбар ҳолатда бўлиши ва самарали ишлаши, шифокорларнинг фидойилиги, халқимизнинг онглилиги бизнинг асосий қуролимиз бўлиши шарт, – дея сўзида давом этди Президент. – Фақат тезкор ва мунтазам сафарбарлик, темир интизом, тиббий маданият, юксак онглилик билангина биз бу офатга қарши кураша оламиз.

Бу борада энг катта масъулият ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари зиммасида экани яна бир бор эслатиб ўтилди. Бунинг учун уларда ўз ҳудудларидаги мавжуд вазият ҳақида тўлиқ ва ҳаққоний маълумотлар бўлиши, улар ҳар куни, ҳар соатда янгиланиб бориши кераклиги таъкидланди.

– Ҳокимлар, сектор раҳбарларининг, барча мутасадди ва масъулларнинг мияси соат механизмидай куну тун, аниқ ва бехато ишлаши лозим, – деди давлатимиз раҳбари. – Афсуски, биз кўпинча мана шу масалаларда оқсаяпмиз. Қўлимизда аниқ маълумот, асосланган таҳлилий материаллар йўқлиги туфайли қабул қилган қарорларимиз кутилган натижани бермаяпти. Бу масалада қандай ёрдам зарур бўлса, марҳамат, айтинглар, барчасини ҳал қиламиз. Чунки мақсад битта: тезроқ бу балодан қутулиб, иқтисодиётимизни, ижтимоий ҳаётимизни тўлиқ тиклаб олишимиз керак.

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида яна бир бор халқимизга мурожаат қилиб, жумладан, шундай деди:

– Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим. Шу муносабат билан халқ вакиллари бўлган депутатларимиздан, ижодкор зиёлиларимиз, ҳурматли журналистларимиз, маҳалла фаолларидан илтимос қиламан: пандемия даврида ҳар бир одамнинг шахсий масъулияти ҳақидаги тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак.

Биз пандемияни қачон енгамиз? Қачонки, ҳар бир одам ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи, оиласи ва фарзандлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса.

Биз шунга қодирмизми? Албатта, қодирмиз. Ишончим комил, бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этаётган мана шундай ҳиссиёт ва қарашлар ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига чуқур кириб боради. Ва биз бу синовдан, албатта, муносиб ўтамиз, – дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, 15 июль куни Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемияга қарши кураш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилиниб, аниқ вазифалар белгиланган эди. Бу борада кўрилган тезкор чора-тадбирлар бўйича  Тошкент шаҳри ҳокими, Бош прокурор ва бошқа мутасадди раҳбарлар ҳисобот берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.