Президент Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманган вилоятига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги “Юксалиш” саноат шаҳарчасида бўлиб, “Glass еxpo” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Бу ерда ойнага миллий нақшлар ва замонавий дизайнлар асосида ишлов берилади. Корхона 2019 йилда ишга туширилган эди ва изчил ривожлантириб борилмоқда. Бу вилоятда ойна маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 1 миллион 200 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконига эга бўлади.
Президентимиз корхонадаги иш жараёни, маҳсулотлар намуналарини кўрди.
Шу ерда тадбиркорлар билан мулоқот бўлди.
– Ўзбекистоннинг эртанги куни – тадбиркорлар. Биз беш йил давомида сиёсат нуқтаи назаридан ҳамма бозорни очишга ҳаракат қилдик. Энди сизлар сифат, рақобат, экспорт бўйича ишлашингиз керак. Режаларингиз баланд бўлиши, ҳар куни изланишингиз зарур. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги бунда сизларга кўмакдош бўлади, лойиҳаларга инвестор бўлиб киради.
Август ойида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда яна кўплаб режаларни белгилаб олдик. Келгусида улар бўйича қарорлар қабул қилиниб, қўшимча шароитлар яратилади. Муҳит шундай бўлиши керакки, ишсиз ёшлар тадбиркорга, кичик тадбиркорлар катта, жозибадор инвесторга айланиши керак.
Давлатимиз раҳбари Юксалиш маҳалласига аввал ҳам келган, ҳудудни саноат шаҳарчасига айлантириш, бу ерда яшовчи аҳоли учун иш ўринлари яратиш юзасидан кўрсатмалар берган эди.
Бу галги ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Охирги уч-тўрт йилда маҳалла улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Бу ерда 71 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Жорий йилда 5 та, келгуси йили 11 та кўп қаватли уй қуриб битказилади.
Тадбиркорларга замонавий шароитлар яратиш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида мазкур ҳудудда “Юксалиш”, “Ёшлар” ва “Кушон” кичик саноат зоналари ташкил этилган.
“Юксалиш” кичик саноат зонасида жами 1,2 триллион сўмлик 96 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 7 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.
“Ёшлар” кичик саноат зонасида умумий қиймати 804 миллиард сўмлик 60 та лойиҳа, “Кушон” ҳудудида 1,6 триллион сўмлик 129 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларда, мос равишда, қарийб 5 мингта ва 13 мингта иш жойи ташкил этилади.