Президент замонавий клиникани бориб кўрди

0
62
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида очилган кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.

“Zarmed pratiksha hospital group” номли ушбу қўшма корхона Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида ташкил этилган. Унинг таъсисчиларидан бири Нишант Бажажнинг айтишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи, ишбилармон доиралар ўртасида ўтказилган учрашувлар ҳамкорликка ишонч туғдирган.

Қўшма корхонанинг дастлабки лойиҳаси бўлган мазкур тиббиёт маркази учун 8,5 миллион АҚШ доллари сарфланган.

Кўп тармоқли тиббиёт марказида 5 та жарроҳлик амалиёти хонаси, 100 ўринли стационар мавжуд. Интервенцион кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, эндоскопик жарроҳлик, ортопедия ва травматология, урология ва гинекология, отоларингология фаолият турлари учун замонавий диагностика ускуналари ўрнатилган. Бир вақтнинг ўзида 600 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Тиббий хизматлар халқаро стандартлар асосида комплекс тарзда кўрсатилади. Марказда 140 та янги иш ўрни яратилган.

– Мамлакатимизда хусусий тиббиётга шароит яратилгани натижасида мана шундай замонавий клиникалар кўпаймоқда. Эндиги вазифа беморларга сифатли хизмат кўрсатиб, одамларнинг ишончини қозониш. Даволаниш учун чет элга кетмоқчи бўлганларни ҳам жалб этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга Самарқандда хусусий тиббиёт университети ва клиникадан иборат тиббиёт кластерини ташкил этиш, хорижда ишлаб юрган самарқандлик шифокорларни ишга таклиф этиш учун вилоят ҳокимлигида жамғарма тузиб, уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.