Ушбу мақола 22 октябрь 2019 йилда ЎзА сайтида чоп этилди. Ўтган давр ичида журналист Норгул Абдураимова қўтариб чиққан муаммо ҳал бўлмади. У қандай муаммо дерсиз? Масаланинг моҳиятини англатиш мақсадида аввало, қуйида ушбу мақола билан таништирамиз:
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий маҳалла аҳлининг бирдамлиги туфайли бу ҳудудда осойишталик, ободлик барқарор.
Яқинда ҳудудда маҳалла болажонлари учун футбол майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилгани ҳақиқий байрам тусини олди. Эътиборлиси, 50 миллион сўм маблағ сарфланган ушбу мажмуа маҳалла аҳли ҳомийлигида бунёд этилди.
– Халқимиз манфаатларини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ичида фарзандларни комил инсон қилиб тарбиялаш, уларни соғломлаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Аҳоли билан учрашувларда бу ҳақда фикрлашганимизда маҳалламизда спортни ривожлантириш бўйича таклифлар тушди. Бу билан кифояланмасдан фарзандларимиз учун футбол майдончасини ўз кучимиз билан қуришга келишиб олдик. Қисқа муддатда қаровсиз ётган ерда футбол майдончаси барпо этилди, – дейди Юнус Ражабий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Ҳакимов.
Ҳозир бу маскан нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам севимли масканига айланиб улгурди. Ёш футболчиларнинг, қолаверса ўз боласининг майдондаги шижоатини томоша қилишни ким истамайди, дейсиз?
Аммо, бир муаммо маҳалладошларни ўйлантириб турибди. Маҳалланинг кучи билан бунёд этилган футбол майдончаси ҳужжатларда ҳамон эгасиз. Бу ҳақда ҳокимлик мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилинганига қарамай, масалага ҳамон панжа орасидан қаралмоқда. Аслида ҳокимлик бундай ишларга бош қотириб, маҳаллаларда спортни ривожлантириш учун иншоотлар қуришга масъул, эмасми? Тайёр ёрдамни қабул қилиб, майдончани маҳалла балансига ўтказиб беришдек кичик савобли ишни қилишга наҳотки масъуллар шунчаки эринаётган бўлса?
Бундай эътиборсизлик ва совуққонлик эса ташаббускор, ҳомийлик қилишдан қочмайдиган кишиларнинг ҳафсаласини пир қилмайдими?
Ҳозир маҳалла аҳли шахмат-шашка ўйналадиган яна бир спорт клуби ташкил этиш арафасида. Бундай ташаббуслар эса қўллаб-қувватланиши керак. Маҳалладаги яна бир ҳолат кишини қувонтирди.
Татьяна буви ҳар сафар хонадони қўнғироғи чалинса, эшикка севинч билан талпинади. Бу бежиз эмас. Чунки 92 ёшни қаршилаган нуроний бувининг уйига маҳалладошлари бир олам меҳр билан келган бўлади.
Маҳаладошлар бир дастурхон атрофида ўтириб, узоқ-узоқ суҳбат қуришади. Маҳалла фаоллари гап орасида хонадонда қандай муаммолар борлиги билан қизиқади, ёлғиз яшайдиган бувига имкон қадар ёрдам беришади.
Яқинда Татьяна Козлованинг муҳим овунчоғи телевизори бузилиб қолган экан. Маҳалла раисининг ўзи телевизорни устага олиб бориб, таъмирлатиб келди.
Ҳа, бу чинакам маҳалла қиёфаси! Бундай маҳаллада ҳеч ким ёлғизланиб, қаровсиз қолмайди!
Шунинг учун ҳам маҳалла институти дунёда бошқа қиёси бўлмаган жамоатчилик тузилмаси сифатида шуҳрат қозонган.
Gujum.uz таҳририятидан: ЎзА мухбири Норгул Абдураимова фикрларида жон бор. Маҳалла Ватан ичра кичик Ватан! Маҳалла фуқаролар йиғини эса – демократия кузгуси! Қадимий тарихга эга маҳаллада халқимизнинг гўзал қадриятлари, урф-одатлари, бағрикенглиги мужассамлашган.
Юнус Ражабий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Ҳакимов сайтимизга мурожаат қилиб, муаммони ёрититишда кўмаклашишни илтимос қилди. Футбол майдончасини кўриб келдик. Дарҳақиқат, болаларнинг яйраб машғулот ўтказишлари учун шароитлар яратилган. Айниқса, бу маскан соя-салқин бўлиб, кўп йиллик дарахтлари кўплиги билан ажралиб туради. Шунингдек, мақолада таъкидланганидек, маҳалла аҳли учун шахмат-шашка ўйналадиган яна бир спорт клуби ташкил этиш имконияти ҳам мавжуд.
– Биз туман мутассадиларига бир неча марта мурожаат қилдик. Садо чиқмади. Энди бутун умидимиз шаҳар ҳокимлигидан, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Ҳакимов. – Ташаббусимиз туман мутассадилари томонидан қўллаб-қувватланмаганлиги туфайли шахмат-шашка ҳамда оқсоқоллар клуби ташкил этиш ишларимиз ҳам тўхтаб қолди.
Айни кунда маҳалла аҳли Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев номига ушбу масалани ҳал қилиб бериш борасида кўмак сўраб, мурожаат қилмоқда. Майдончани маҳалла балансига ўтказиб беришдек кичик савобли иш нега ҳамон ҳал этилмаяпти?. Маҳалла аҳли Тошкент шаҳар ҳокимиятидан одилона жавоб ва кўмак кутмоқда. Тадбиркор ва ташаббускор шаҳар ҳокими маҳалла аҳлининг илтимосини эътиборга олади, деган умиддамиз.